«Куч ишлатиш ўзини оқламайди». Мирзиёев «МО — Хитой» саммитида халқаро зиддиятларни музокара билан ҳал қилишга чақирди

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 17 июнь куни Остона шаҳрида «Марказий Осиё — Хитой» иккинчи саммитида иштирок этди ва нутқ сўзлади, деб хабар берди давлат раҳбари матбуот хизмати.

Қозоғистон президенти Қосим-Жомарт Тоқаев раислигида ўтган тадбирда Хитой раиси Си Цзиньпин, Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон президенти Сердар Бердимуҳамедов ҳам қатнашди.

Кун тартибига мувофиқ, Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги ўзаро манфаатли ҳамкорликни устувор йўналишларда кенгайтириш истиқболлари, долзарб халқаро ва минтақавий масалалар кўриб чиқилди.

Ўзбекистон президенти нутқининг аввалида ХХР Раиси Си Цзиньпиннинг Марказий Осиё давлатлари билан дўстлик ва ҳамкорликни мустаҳкамлаш, аниқ лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш орқали минтақанинг барқарор тараққиётини қўллаб-қувватлашдаги ўрнини алоҳида таъкидлади.

президент, марказий осиё - хитой саммити

«Бизнингча, бир томондан, ишонч, яхши қўшничилик ва шериклик маконига айланган Марказий Осиёнинг ўзидаги чуқур трансформация жараёнлари, бошқа томондан, Хитой раҳбариятининг қўшни давлатлар билан дўстона муносабатларни ривожлантириш ва «Белбоғ ва йўл» глобал концепциясини илгари суришга қатъий содиқлиги ушбу форматдаги ҳамкорликнинг ривожланишига имкон бермоқда, — деди давлат раҳбари.

Сўнг Ўзбекистон етакчиси минтақавий ҳамкорликни янада ривожлантириш бўйича ўз нуқтаи назарини баён қилди. Аввало, бу галги учрашув халқаро вазият сезиларли даражада ёмонлашган бир шароитда ўтаётгани таъкидланди.

Мирзиёевга кўра, рақобатнинг ортиши кескинликнинг зўрайишига, хавфсизлик ва барқарор тараққиётга янги хавф ва таҳдидлар пайдо бўлишига олиб келмоқда.

президент, марказий осиё - хитой саммити

«Низоли халқаро масалалар ва зиддиятли муаммоларни ҳал қилиш учун куч ишлатиш воситаларидан фойдаланиш ўзини оқламайди ва бунга йўл қўйиб бўлмайди, деб ҳисоблаймиз, — деди президент. — Барча низо ва зиддиятлар суверенитетни ҳурмат қилиш, халқаро ҳуқуқ меъёрлари ва БМТ низоми асосида фақат дипломатик саъй-ҳаракатлар йўли билан — музокаралар столида ҳал этилиши шарт».

Шу муносабат билан саммит давомида минтақавий барқарорликни таъминлашга умумий ҳисса қўшадиган Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома қабул қилиниши тарихий аҳамиятга эга экани таъкидланди. Ушбу шартномани ривожлантириш мақсадида аниқ механизм ва лойиҳаларни киритган ҳолда Узоқ муддатли шериклик концепциясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Ўзбекистон етакчисининг таъкидлашича, Хитой билан савдо, инвестициявий ва технологик ҳамкорлик Марказий Осиёнинг барча мамлакатларини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш стратегияларини амалга оширишда кучли локомотив бўлиб хизмат қилмоқда.

Минтақа мамлакатларининг ўсиб бораётган салоҳияти ва Хитойнинг саноат соҳасидаги етакчилигини бирлаштириш билимлар билан алмашиш ва технологиялар трансферининг самарали механизмларига эга бўлган умумий кенг имкониятлар макони пайдо бўлишига олиб келиши мумкинлиги таъкидланди.

президент, марказий осиё - хитой саммити

Янги иқтисодий шериклик дастурини тез фурсатда қабул қилиш ҳамда бош вазир ўринбосарлари даражасида Савдо ва инвестициялар бўйича ҳудудлараро кенгашни таъсис этиш бу борадаги амалий қадам бўлади, қайд этди президент. Ўзбекистон томони кенгашнинг биринчи йиғилишини жорий йил охиригача ўтказишга тайёрлиги билдирилди.

Савдо алоқаларини рағбатлантириш мақсадида Ўзбекистон президенти «Рақамли макон ва йўл» доирасида «Рақамли Ипак йўли» кўп томонлама савдо платформасини ташкил этиш ташаббусини илгари сурди.

Шунингдек, регламент ва стандартларни яқинлаштириш, экспорт маҳсулотларини Хитой талаблари асосида сертификатлаш учун Тошкент шаҳрида Саноатда стандартлаштириш ва сертификатлаштириш минтақавий марказини ташкил этиш зарурлиги таъкидланди.

Бизнес, етакчи илмий-тадқиқот институтлари ва муҳандислик марказларини жалб қилган ҳолда, технологиялар трансфери бўйича алоҳида «йўл харитаси»ни қабул қилиш таклифи билдирилди.

президент, марказий осиё - хитой саммити

Ўзбекистон етакчиси иқтисодий салоҳиятни самарали рўёбга чиқариш учун саноат ва инфратузилмавий ўзаро боғлиқликни кучайтириш зарурлигига алоҳида тўхталди. Шу мақсадда «Марказий Осиё — Хитой» саноат ва инфратузилма макони» узоқ муддатли стратегиясини ишлаб чиқиш таклиф этилди.

Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой энергетика тизимларини ўзаро боғлаш, жумладан, юқори кучланишли электр узатиш линиясини қуриш мегалойиҳасини амалга ошириш масалалари ҳам диққат билан ўрганилиши лозимлиги таъкидланди.

Минтақавий аҳамиятга молик йирик лойиҳаларни қўллаб-қувватлашга қодир бўлган самарали молиявий воситаларни жорий этиш масаласи алоҳида долзарблик касб этмоқда.

«Бугунги кунда амалда бўлган халқаро механизмлар, ҳеч шубҳасиз, муҳим роль ўйнамоқда, аммо минтақанинг инвестицияга бўлган талабини тўлиқ қоплай олмаяпти. Экспертларнинг хулосасига кўра, Марказий Осиёни инфратузилмавий ривожлантиришда капитал қўйилмалар тақчиллиги бир неча юз миллиард доллар деб баҳоланмоқда», — деди Ўзбекистон етакчиси.

Шу муносабат билан инфратузилмавий ташаббусларни илгари суриш учун самарали платформа бўла оладиган «Марказий Осиё — Хитой» тараққиёт фондини таъсис этиш имкониятини кўриб чиқиш таклиф қилинди.

президент, марказий осиё - хитой саммити

Марказий Осиё ва Хитойнинг транспорт жиҳатидан ўзаро боғлиқлигини ривожлантириш яна бир устувор йўналиш сифатида қайд этилди.

«Хитой — Қирғизистон — Ўзбекистон» темирйўли қурилиши бошлангани Евросиё маконидаги янги транспорт ва транзит коммуникациялари тизимининг муҳим элементи экани таъкидланди.

Ўзбекистон раҳбари иқлим ўзгаришининг барқарор ривожланиш учун жиддий таҳдидларига эътибор қаратиб, 2030 йилгача мўлжалланган «Яшил» ривожланиш дастурини қабул қилишни жадаллаштириш, шунингдек, чўлланишга қарши курашиш, деградацияга учраган ерларни тиклаш, қурғоқчил ва чўл ҳудудларида биоэкологик барқарорликни ошириш бўйича мулоқот ва шериклик учун Экологик альянсни тузишга чақирди.

«Сунъий интеллект ва рақамли технологиялар соҳасидаги ҳамкорлик имкониятларига алоҳида тўхталишни истар эдим. Айнан ушбу йўналишлар бугунги кунда миллий иқтисодиётларнинг рақобатбардошлигини белгилаб, узоқ муддатли ўсишнинг драйвери бўлмоқда», — деди президент.

Иқтисодий ҳамкорликнинг барқарор рақамли инфратузилмасини шакллантириш мақсадида катта маълумотлар базалари ва процессинг марказларининг Ўзаро интеграциялашган банклар тармоғини яратиш, шунингдек, асосий энергетика ва транспорт йўналишлари бўйлаб «Марказий Осиё — Хитой» оптик толали алоқа линиясининг рақамли трассасини барпо этиш таклиф қилинди.

Шавкат Мирзиёевга кўра, хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорлик асосий устувор йўналишлардан бири бўлиб қолмоқда. Шу муносабат билан у терроризм, экстремизм, радикализм, наркотрафик, ноқонуний миграция ва кибержиноятчиликка қарши курашишда махсус хизматлар ва хавфсизлик кенгашлари орқали кўп томонлама ахборот алмашиш механизмларини йўлга қўйиш муҳимлигини таъкидлади.

«Биз учун нафақат қўшни, балки умумий тарихий-маданий ва иқтисодий маконимизнинг ажралмас қисми бўлган Афғонистон муаммоларига халқаро ҳамжамият эътиборининг пасайиши жиддий ташвиш уйғотмоқда», — деди Ўзбекистон етакчиси.

президент, марказий осиё - хитой саммити

Хитой ва Марказий Осиё давлатларининг Афғонистон билан ҳамкорлигида тўпланган бой тажрибани қайд этиб, Ўзбекистон етакчиси ушбу мамлакатнинг тикланишига кўмаклашиш ва уни минтақавий интеграция жараёнларига жалб этиш масалаларини кўриб чиқиш бўйича юқори даражадаги гуруҳни таъсис этишни таклиф қилди. Гуруҳ учрашувини Термиз шаҳрида Афғонистон вакиллари иштирокида ўтказишга тайёрлик билдирилди.

Давлат раҳбари сўзининг якунида Ўзбекистон «Марказий Осиё — Хитой» форматидаги очиқ мулоқот, прагматик ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш тарафдори эканини таъкидлади.

Йиғилиш сўнгида давлат раҳбарлари Остона декларацияси ва Абадий яхши қўшничилик, дўстлик ва ҳамкорлик тўғрисидаги шартномани имзолади. Шунингдек, ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатларнинг салмоқли тўплами қабул қилинди.

Саммит якунида камбағалликка қарши, чўлланишга қарши курашиш, таълим соҳасидаги ҳамкорлик марказлари ҳамда тўсиқсиз савдо бўйича ҳамкорлик платформасини ишга тушириш маросими бўлди.