17 июн куни соат 17:45 да Сурхондарё вилояти ФВБ Бош бошқармасига Бойсун туманидаги Кенгдала ўрмон хўжалиги бўлинмасига қарашли, арча ўрмонларига туташ ҳудудда қуруқ ўт ёнғини юзага келгани ҳақида хабар келиб тушган.
Ҳодиса жойига фавқулодда ҳолатга жавобан тезкорлик билан ёнғин-қутқарув экипажлари етиб борди. Мутасадди хизматлар ходимлари ва кўнгиллиларнинг мувофиқлаштирилган ҳаракатлари натижасида 3 гектар майдонда юзага келган ёнғин 18 июн куни эрталаб соат 07:10 да тўлиқ бартараф этилиб, унинг кенгроқ майдонга тарқалиши олди олинган.
Ёнғинни ўчириш учун жалб этилган кучлар:
— вилоят ФВБдан: 85 нафар ходим ва 4 та техника;
— ўрмон хўжалигидан: 40 нафар ходим ва 4 та техника;
— ички ишлар органларидан: 6 нафар ходим;
— Мудофаа вазирлигидан: 20 нафар ҳарбий хизматчи ва 1 та ҳарбий вертолёт;
— маҳаллий аҳолидан: 40 нафар кўнгилли.
Бундан ташқари, ёнғин ўчоғини кузатиш учун чегара қўшинларининг учувчисиз учиш аппаратларидан (дронлар) самарали фойдаланилди.