Паркентнинг қорли тоғларида 1200 гектарда тоғ-чанғи курорти қуриш

Президент Шавкат Мирзиёев Паркент туманига ташрифи давомида “Олтин бел” чўққисидаги дам олиш маскани ва янги тоғ-чанғи курорти лойиҳаси билан танишди

Паркентда қиймати 1,8 млрд доллар бўлган 52 та лойиҳа амалга оширилади. Натижада 3 300 та иш ўрни яратилади ва 1 млн нафар сайёҳга хизмат кўрсатилади.

Австрия компанияси томонидан Паркентнинг қорли тоғларида 1200 гектарда тоғ-чанғи курорти қуриш режалаштирилган.

Давлат раҳбарига ушбу лойиҳа ҳақида ахборот берилди. Унинг доирасида 3, 4 ва 5 юлдузли меҳмонхоналар, чанғи учиш ва осма дор йўли, шалелар, пикник майдони, ресторанлар, соғломлаштириш хизматлари ташкил этилади. Лойиҳа уч босқичда амалга оширилади ва тўлиқ қувватда кунига 15 минг нафар сайёҳни қабул қилиш имконига эга бўлади.