Қорақалпоғистонда ўқитувчилардан аттестация учун оммавий пора олингани фош бўлди

Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида 100 нафардан ортиқ ўқитувчидан аттестациядан ўтказиш учун пул олингани, синовларга телефон билан киришга йўл берилгани ва пора пуллари бўлиниб олингани аниқланди. Бу ҳақда ДХХ “Даракчи.уз”га маълум қилди.

Қайд этилишича, Нукус шаҳридаги умумтаълим мактаби ўқитувчиси мактаб директори ўринбосарининг топшириғига кўра, касбий сертификат синовидан ўтказиш эвазига Чимбой туманида ишловчи ҳамкасбидан 1000 АҚШ доллари олган пайтида ДХХ ва Ички ишлар қўмитаси ходимлари томонидан ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговгача бўлган текширувда маълум бўлишича, директор ўринбосари 100 нафардан ортиқ ўқитувчидан 1000–1500 доллардан пора олиб келган ва бу ҳақда шахсий блокнотида қайдлар юритган.

Бундан ташқари, Қорақалпоғистон Республикаси мактабгача ва мактаб таълими вазирлигининг Педагогларни билим ва малакасини баҳолашни ташкил этиш шўбаси бош методисти ҳам ишга алоқадор бўлиб чиқди. У давлат аттестациясида “ёрдам бериш” эвазига йиғилган 10 450 долларни ихтиёрий равишда топширган.

Ушбу жараёнда Миллий гвардия ходими ҳам ўқитувчиларни шахсий кўрикдан ўтказмасдан, тестга телефон билан киришга йўл очгани, ўз вазифасига лоқайд ёндашгани аниқланди.

Пора тариқасида олинган пуллар шахслар ўртасида бўлиб олинган.

Ҳозирда ушбу ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 210-моддаси 2-қисми “г” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.