Кеча, 20 июнь куни Америка глобал медиа агентлиги (USAGM) “Америка овози” таҳририятида навбатдаги кенг кўламли штат қисқартиришларини эълон қилди. Бу ҳақда радиостанция директори Майкл Абрамович маълум қилди.
Қайд этилишича, ишдан бўшатиш тўғрисидаги билдиришномалар 600 дан ортиқ ходимга юборилган.
Йил бошида мавжуд бўлган штат сонидан етти баробарга камайтирилиб, таҳририятда 200 дан камроқ киши қолиши кутилмоқда. Журналистлар ва техник ходимлар 1 сентябргача пуллик таътилга чиқарилган.
Абрамович қисқартиришлар “ҳеч қандай стратегиясиз ва мақсадсиз амалга оширилмоқда” деб таъкидлаб, бу жараён АҚШ миллий хавфсизлигига жиддий зарар етказишини қайд этган. Унинг сўзларига кўра, “Америка овози” бу ҳаракатларга қарши судда курашишни давом эттиради.
Жорий йилнинг 14 март куни АҚШ Президенти Дональд Трамп еттита федерал агентликдаги ходимларни кенг кўламли қисқартириш тўғрисидаги фармонни имзолади. Улар орасида “Озодлик радиоси” фаолиятини назорат қилувчи АҚШ Глобал медиа агентлиги (USAGM) ва “Америка овози” ҳам бор эди.
Орадан икки кун ўтиб, “The Washington Post” нашри “Америка овози” директори Майкл Абрамовичга таяниб, ушбу радиостанция фаолияти тўхтатилгани ҳақида хабар берди. Шу фонда ОАВ раҳбарияти 1,3 мингдан ортиқ ходимни мажбурий таътилга чиқаришга мажбур бўлди. “Reuters” маълумотларига кўра, “Озодлик радиоси” ҳам худди шундай вазиятга тушган.