21 июнь куни Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Кудратов Хитой Экспорт-импорт банки Бошқаруви раиси Чен Хуайюй билан учрашувида 500 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда қарз шартномаси имзоланди, дея хабар бермоқда Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги Матбуот хизмати.

«2002 йилдан буён Хитой Эксимбанки билан ҳамкорликда умумий қиймати 3,2 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган 51 та лойиҳа амалга оширилди. Улар замонавий инфратузилма қурилиши, “яшил” энергетика, транспорт, қишлоқ ва сув хўжалиги, таълим, соғлиқни сақлаш ва бошқа соҳаларни қамраб олган. Айни пайтда 1,9 миллиард доллар қийматидаги 2 лойиҳа амалга оширилмоқда, 2,2 миллиард доллар миқдоридаги 13 лойиҳа эса кўриб чиқилмоқда», — дейилади хабарда.

Учрашув якунида телекоммуникация соҳасида 500 миллион АҚШ долларига тенг миқдорда қарз шартномаси имзоланди. ИССВ раҳбари Лазиз Кудратов лойиҳа тезкор ва самарали амалга оширилишининг муҳимлигини таъкидлаб, IT соҳасидаги лойиҳаларни Эксимбанк томонидан қўллаб-қувватланиши ижобий натижалар беришига ишонч билдирди.