Ўзбекистонликлар қайси банк хизматларидан мамнун ва қайсиларидан норози?

Унда мижозларнинг кредитлаш ва депозит хизматларидан тортиб рақамли воситалар ва маслаҳат ишларигача бўлган турли йўналишлардаги хизматларга муносабати таҳлил қилинди.

Натижаларга кўра, респондентларнинг 94 фоизи камида битта фаол банк картасига эга бўлиб, кўпчилик бир вақтнинг ўзида бир нечта банк картасидан фойдаланади.

Банклар хизмат кўрсатиш муддатларига риоя этилиши ва муаммолар тез ҳал қилиниши мос равишда 80 фоиз ва 82,4 фоиз иштирокчилар томонидан ижобий баҳоланган.

Депозит хизматларидан умумий қониқиш даражаси 90 фоизни ташкил этди, норози бўлганлар улуши эса 4 фоиз атрофида. Респондентларнинг 64 фоизи иш ҳақи картасига хизмат кўрсатадиган банкда омонот очган.

Шу билан бирга, 51 фоиз иштирокчи кредит мажбуриятларига эга. Қарз олувчиларнинг 55 фоизи иш ҳақи картасига хизмат кўрсатадиган банкдан кредит олган.

Кредит олганларнинг 77 фоиздан ортиғи ўз банкидаги кредит шартлари ва хизматларидан тўлиқ мамнун. Бошқа банклар мижозлари орасида эса ушбу кўрсаткич 82 фоиздан юқори.

Иштирокчиларнинг 38 фоизи кредит хизматлари, 25 фоизи тўлов хизматлари, 11 фоизи пул ўтказмалари ҳамда ҳар бири 9 фоиздан депозитлар ва валюта операцияларини яхшилаш зарурлигини билдирган.

Аҳолининг 63%и хизмат кўрсатувчи банк ўзлари яшайдиган ҳудудда жойлашганини қайд этган — бу банк хизматларининг юқори даражада маҳаллийлаштирилганидан далолат беради.

Банк танлашда респондентларнинг 32 фоизи хизмат сифати, 28 фоизи эса яқинлари ва танишлари тавсиясини асосий омил сифатида кўрсатган. Яна 21 фоиз мижоз учун хизматларнинг осон ва қулайлиги, 14 фоизи учун эса банкнинг ишончлилиги ва тезкорлиги муҳим бўлган.

Шунингдек, банк брендини танлашда 70 фоиз иштирокчи дўстларининг тавсияларига, 14 фоизи эса интернетдаги маълумотларга таянади.

Респондентларнинг 27 фоизи фақат нақд пулдан, 32 фоизи эса нақд ва нақдсиз тўлов усулларидан фойдаланади. Аҳолининг 40 фоизи даромадларини нақд шаклда олишини асосий сабаб сифатида кўрсатган. 35 фоиз иштирокчи масофавий хизматларга ишончсизлик, 12 фоизи эса қоғоз чек олиш зарурлиги туфайли нақд пулга устуворлик беради.

Таҳлил банк хизматларидан қониқиш даражаси юқори эканини кўрсатди. Кредитлаш ва депозит хизматлари бўйича респондентларнинг қарийб 80 фоизи ижобий фикрда. Уларнинг ярмидан кўпроғи хизмат сифатини «жуда яхши» деб баҳолаган, фақат 16 фоизи норози эканини билдирган.

Депозит маҳсулотларидан фойдаланганларнинг 80 фоизи хизматдан мамнун, улардан 60 фоизи хизмат сифатини юқори баҳолайди. Танқидий фикр билдирганлар улуши — 15 фоиз.

Иштирокчиларнинг 81 фоизи тўловлар, 66 фоизи валюта операциялари ва 78 ми пул ўтказмалари бўйича банк хизматларини юқори баҳолаган. Ҳар бир йўналишда салбий фикр билдирганлар улуши 14 фоиздан ошмаган.

Банк комиссияларига нисбатан 52 фоиз иштирокчи тўловларни адолатли деб билса, 28 фоизи қисман розилигини билдирган, 12 фоиз эса умуман норози.

Хизматлар хилма-хиллигини 55 фоиз респондент тўлиқ, 27 фоизи қисман ижобий баҳолаган. Фақатгина 9 фоизи банк хизматларини танлаш чекланган деб ҳисоблайди.

Ўрганишлар Ўзбекистон банк тизимида мижозлар қониқиш даражаси барқарор ошиб бораётганини кўрсатмоқда. Аксарият мижозлар кредитлаш, депозит, тўлов ва валюта операцияларидан мамнун, дея қайд этади ИТИМ.

Шу билан бирга, рақамлаштириш, депозит маҳсулотлари қамровини кенгайтириш ва хизмат шартларининг шаффофлигини ошириш бўйича ҳали ечилмаган муаммолар ҳам мавжуд.