Куни кеча Тошкентда Марказий Осиё минтақасининг тоғ-кон саноатидаги энг нуфузли тадбирлардан бири – MINEX Central Asia 2025 форуми ўз ишини бошлади. Критик хомашё соҳасига бағишланган мазкур форум Европа Иттифоқи ва Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ҳамкорликнинг янги босқичига йўл очди.

Форумда Европа Иттифоқининг Ўзбекистондаги элчиси Тоиво Клаар ўз нутқида Европа Иттифоқи бутун дунё бўйлаб ишончли ҳамкорлар билан алоқаларни кучайтираётганини ва бу жараёнда Ўзбекистон муҳим шерик эканлигини алоҳида таъкидлади. Элчининг сўзларига кўра, Ўзбекистон кенг геологик бойликлар ва жадал ривожланаётган кон-металлургия саноатига эга. «Сизлар қазиб олишда ўзингиз эгалик қилишни, ўз саноатингизни ривожлантиришни, иш ўринлари яратишни, малака ва билимларни шакллантиришни ҳамда қиймат занжири бўйлаб юқорига кўтарилишни хоҳлайсиз. Европа таклифининг туб моҳияти ҳам айнан шу,» – дея нутқини давом эттирди Клаар.

Критик минераллар – келажак саноатининг калити
Форумдаги асосий мавзу критик хомашё соҳасига қаратилиб, унда мазкур соҳада амалга ошириладиган ишларга тўхталиб ўтилди. Хусусан, кейинги уч йил ичида вольфрам, литий ва молибден конларини ўзлаштириш асосий лойиҳалар қаторига кириши, ушбу йўналишлар бўйича 2028 йилга бориб умумий даромад 1,5 миллиард доллардан ошиши айтиб ўтилди.

Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) бошқарув раиси маслаҳатчиси Илҳан Ҳан ҳам Ўзбекистоннинг бу соҳадаги салоҳиятини юқори баҳолади. Унинг таъкидлашича, Марказий Осиё табиий ресурсларга бой бўлса-да, Ўзбекистонни бошқалардан ажратиб турувчи жиҳат – бу ерда критик минераллар миқдорининг жуда кўплиги ва уларнинг аввалдан ўрганиб келинганлигидир.

«Президентнинг улуғвор қараши ва масалани ўз вақтида англай билиши натижасида, саноат учун муҳим хомашёларни таъминлаш йўналишида Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК) ташкил этилди. Ўзбекистон бой табиий ресурсларга эга омадли мамлакат, ТМК эса ушбу бойликларни жаҳон бозорига олиб чиқиш ишида масъул комбинатдир,» – деди Илҳан Ҳан.

Халқаро ҳамкорлик ва минтақавий синергия
Қизғин баҳс ва нетворкинг учун ҳақиқий майдонга айланган форумда 21 та мамлакатдан 200 дан ортиқ дипломатик миссиялар, халқаро компания вакиллари, инвесторлар ва геология соҳасининг нуфузли экспертлари иштирок этмоқда.

Форумда Қозоғистон Республикаси Саноат ва қурилиш вазири ўринбосари Иран Шархан ҳам сўзга чиқиб, Ўзбекистонда мавжуд бўлган фойдали қазилмалар сектори Қозоғистон учун энг истиқболли йўналишлардан бири эканлигини таъкидлади. «Ҳозирда биз Марказий Осиё, хусусан, Ўзбекистон билан критик минераллар соҳасидаги ҳамкорликни чуқурлаштириш бўйича таклифлар устида ишлаяпмиз,» – деди вазир ўринбосари.
Форумда MINEX Ижроия қўмитаси раиси томонидан Тоғ-кон ва геология вазирлиги ҳамда Ўзбекистон технологик металлар комбинати (ТМК)га мазкур форумни ташкил этишда ташаббус кўрсатганликлари учун миннатдорчилик билдирилиб, махсус ташаккурнома берилди. Бу тадбир Ўзбекистоннинг минтақавий ва глобал миқёсда критик хомашё бозоридаги етакчи мавқеини яна бир бор мустаҳкамлади.