Қонунчилик палатаси депутатлари «Валюта ва қимматбаҳо металлар муомаласи тўғрисида»ги қонун лойиҳасини биринчи ўқишда қабул қилди. Бу ҳақда Олий Мажлис қуйи палатаси матбуот хизмати хабар берди.
Қонун лойиҳаси билан қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошларни қонунга хилоф равишда олганлик ёки ўтказганлик учун маъмурий ва жиноий жавобгарликни жорий этиш таклиф этилмоқда.
Тегишли ўзгартиришлар Жиноят кодексининг 177-моддаси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 170-моддасига (валютани қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) киритилмоқда.
Валюта тушумининг бир қисмини мажбурий сотишдан бўйин товлаганлик учун маъмурий жавобгарликни бекор қилиш кўзда тутилмоқда. Амалда бунинг учун мансабдор шахсларга БҲМнинг 8 бараваридан 12 бараваригача (3−4,5 млн сўм) жарима солинади.
Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти бошлиғи Шамсиддин Соҳибназаров 2020 йилдан буён қимматбаҳо металлар ва тошларнинг ноқонуний муомаласи билан боғлиқ 99 та ҳолат аниқланганини маълум қилди. Ҳуқуқбузарликлар натижасида 44 млрд сўмлик олтин, кумуш, олмос ва зумрадлар мусодара қилинган.
Қора бозорда олтин маҳсулотлари айланмаси $600 млнга баҳоланмоқда. 2020 йилда мустақил олтин изловчилар қарийб 40 кг олтин қазиб олиб, давлатга сотган бўлса, ўтган йили бу кўрсаткич 100 баробарга камайган. Соҳибназаров буни хомашёларнинг ноқонуний айланмаси билан изоҳлади.