Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган — Пенсия жамғармаси

Ижтимоий тармоқларда Халқаро валюта жамғармаси ва бошқа халқаро ташкилотларнинг тавсияларига асосланиб, Ўзбекистонда пенсия ёши оширилиши ҳақида хабарлар тарқалди. Пенсия жамғармаси бунга муносабат билдирди.

Унда қайд этилишича, ҳозирда Ўзбекистонда пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича якуний қарор қабул қилинмаган. Амалга оширилаётган ишлар ўрганиш, таҳлил қилиш ва таклифлар ишлаб чиқиш босқичида турибди.

Вазирлар Маҳкамасининг қарори (ВМҚ-600-сон) асосида амалдаги давлат пенсия таъминоти тизимида мавжуд муаммоларни таҳлил қилиш ҳамда илғор хорижий тажриба асосида пенсия таъминоти тизимининг барқарорлигини таъминлаш ва ижтимоий адолатни мустаҳкамлашга қаратилган таклифларни тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳи тузилган. Ишчи гуруҳга Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳасига таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси юклатилган.

Шунингдек, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясини “Ёшлар ва бизнесни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид давлат дастурида ҳам маҳаллий ва халқаро экспертларни жалб қилган ҳолда ушбу концепция лойиҳаси бўйича таклифлар ишлаб чиқиш белгиланган.

Мазкур вазифаларни амалга ошириш мақсадида 2024 йил декабрь ойида ХВЖ, Жаҳон банки, ОТБ, ХМТ иштирокида Тошкент шаҳрида халқаро семинар ташкил этилиб, унда пенсия ислоҳотларининг асосий йўналишлари муҳокама қилинди.

2025 йилнинг 1 майида Халқаро меҳнат ташкилоти вакиллари билан учрашув ўтказилиб, ишлаб чиқилган таклифлар юзасидан фикр алмашилди, шунингдек, пенсия тизимини актуар баҳолаш имкониятларига алоҳида эътибор қаратилди. 12 май куни Халқаро маслаҳатчилар кенгаши билан учрашув ўтказилиб, унда Кенгаш томонидан пенсия тизимини ислоҳ қилиш концепцияси учун тақдим этилган тавсиялар муҳокама қилинди. 10-11 июнь кунлари Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар уюшмаси эксперти иштирокида пенсия тизимини ислоҳ қилиш бўйича тайёрланган таклифлар батафсил таҳлил қилинди.

Давлат пенсия таъминоти тизимини ислоҳ қилиш концепцияси лойиҳаси бўйича таклифларда қуйидаги асосий вазифаларга эътибор қаратилмоқда:

  • фуқароларнинг пенсия билан қамровини ошириш;
  • ижтимоий адолатни мустаҳкамлаш;
  • кексаликда муносиб пенсия билан таъминлаш;
  • умр кўриш давомийлигини ҳисобга олиш;
  • Пенсия жамғармаси бюджетини баланслаштириш;
  • аҳолига хизмат кўрсатиш сифатини яхшилаш.

Халқаро экспертларнинг тавсиялари нималардан иборат?

Ижтимоий тармоқларда муҳокама қилинаётган ҳужжатлар – бу халқаро ташкилотлар томонидан Ўзбекистон ҳукумати учун тайёрланган тавсия ва маслаҳатлар тўпламидир. Бу тавсиялар якуний қарор эмас, балки ислоҳот йўналишларини белгилашда ўрганилаётган вариантлардан биридир.

ХВЖ, Жаҳон банки, ОТБ, ХМТнинг умумий тавсиялари пенсия ёшини ошириш, ижтимоий солиқ бўйича имтиёзлар ва муддатидан олдин пенсия тайинлаш тартибини бекор қилиш, амалдаги энг юқори 5 йиллик иш ҳақидан пенсия ҳисоблаш тартиби ўрнига бутун меҳнат фаолияти давомидаги ўртача иш ҳақидан келиб чиқиб ҳисоблашга ўтиш, ижтимоий бадаллар ставкаларини қайта кўриб чиқиш масалаларига бағишланган.

Халқаро маслаҳатчилар кенгаши Ўзбекистондаги демографик ўзгаришларни ҳисобга олиб, пенсия ёшини ошириш, фуқароларнинг пенсия таъминоти тизимида иштирокини таъминлаш, норасмий бандликни камайтириш орқали пенсия тизими қамровини ошириш, бунда меҳнат мигрантларини пенсия тизимига жалб қилиш учун улар ишлаётган мамлакатлар билан икки томонлама ижтимоий таъминот шартномаларини тузиш, пенсия тайинлашда иш ҳақининг юқори чегарасини ошириш, нодавлат пенсия жамғармалари жорий қилиш бўйича тавсиялар берилган.

Халқаро пенсия ва ижтимоий жамғармалар уюшмаси эксперти томонидан кўп даражали пенсия тизимини жорий қилиш, мослашувчан пенсия ёшини киритиш, минимал пенсия талабини қайта кўриб чиқиш, ижтимоий солиқлар бўйича берилган имтиёзларни бекор қилиш ёки давлат бюджетидан субсидия ажратиш, фуқароларни пенсия тизимида иштирокини таъминлашга қаратилган тавсиялар берилган.

Пенсия жамғармаси матбуот хизматининг билдиришича, ҳозирда ушбу тавсияларнинг барчаси Ишчи гуруҳ томонидан ўрганилмоқда. Уларнинг Ўзбекистон шароитига мослиги, аҳолининг турмуш даражасига таъсири таҳлил қилинмоқда.

“Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, ҳозирги кунда Ўзбекистонда пенсия ёшини ошириш бўйича ҳеч қандай якуний қарор қабул қилинмаган”, дейилади жамғарма хабарида.

Билдирилишича, пенсия тизимига киритиладиган ҳар қандай ўзгартиришлар, жумладан, пенсия ёшига оид масалалар ҳам, албатта, кенг жамоатчилик муҳокамасидан сўнг, халқнинг фикри ва манфаатлари инобатга олинган ҳолда босқичма-босқич амалга оширилади.

Айни пайтда Ўзбекистонда ёшга доир пенсия олиш учун эркаклар 60 ёшда, аёллар эса 55 ёшда бўлиши керак. Бундан ташқари, эркаклар учун камида 25 йил, аёллар учун эса камида 20 йил иш стажи талаб қилинади