Инфратузилма ҳолати ўрганилди: йўл ва тротуарларнинг аҳволи ёмон, ишлар чала, ногиронлиги бўлган шахслар учун ноқулай

«Юксалиш» ҳаракати апрель-май ойларида 2024−2025 йилларга мўлжалланган давлат дастурларида транспорт воситалари ва пиёдаларнинг хавфсиз ҳаракатини таъминлаш бўйича белгиланган вазифаларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назоратини ўтказди. Натижалар 24 июнь куни эълон қилинди. (https://yuksalish.org/uzc/news_detail/823)

Ҳаракат томонидан келтирилган масъул идораларнинг маълумотларига кўра, 2024 йилнинг ўзида жами 53 761 дона янги йўл белгиси ўрнатилган ва яроқсизлари алмаштирилган, 313 дона йўл йўналишлари ва масофани кўрсатувчи кўрсаткичлар ўрнатилган, 136 та янги светофор объекти қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган, 31 та электрон табло ўрнатилган.

2025 йил бошидан 1 апрелга қадар эса республика бўйлаб 12 655 дона янги йўл белгиси ўрнатилган ва эскилари алмаштирилган. 83 дона йўл кўрсаткичлари ўрнатилган, 56 та янги светофор объектлари қурилган ва мавжудлари реконструкция қилинган. Қолаверса, йўлларда 13 дона электрон ахборот таблолари ўрнатилган.

Ўрганилган объэктлардаги вазият

Бироқ белгиланган вазифалар ижросида қатор муаммолар борлиги аниқланган. Хусусан, ўрганилган объектларнинг 14 тасида автомобиль йўлларининг техник ҳолати қониқарсиз даражада, таъмирлаш ишлари сифатсиз ва белгиланган йўл қўрилиш стандартларига зид равишда амалга оширилган.

Масалан, Жиззах вилояти Зафаробод-Чимқўрғон йўналишларидаги йўллар таъмирталаб ҳолатга келгани автомобилларнинг ҳаракат хавфсизлигига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Андижон вилояти Булоқбоши туманида 4К-92 «Андижон-Нефтепром-Тожикобод» автомобиль йўлининг 4−10 км қисмларида жорий таъмирлаш ва сақлаш ишлари сифатсиз бажарилиб, техник нормаларга зид равишда амалга оширилган. Самарқанд туманидаги «Янги ариқ» МФЙ Фарҳод кўчаси кўп йиллар давомида таъмирланмаган.

Мониторинг давомида 8 та ҳолатда умумий фойдаланишдаги автомобиль йўл чизиқларини чизиш, йўл белгилари ва кўрсаткичларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш ва уларга техник хизмат кўрсатиш ишлари сифатсиз ҳамда белгиланган стандартларга зид равишда бажарилган ва бу ҳаракат хавфсизлигига таҳдид солмоқда.

Хусусан, Тошкент вилоятининг Юқори Чирчиқ ва Паркент туманларида ўрнатилган айрим йўл белгилари шаҳарсозлик нормаларига зид равишда катта дарахт, светофор ёки бошқа объектлар ортига/орасига жойлаштирилган. Натижада белгиларнинг пиёдалар ва ҳайдовчиларга кўриниши чекланган.

Қарши шаҳрининг Ислом Каримов, Мустақиллик, Насаф ва Буюк Турон кўчаларида ўрнатилган йўл белгилари ва қурилмалари дарахтлар ва тўсиқлар орасида қолиб, ҳаракат иштирокчиларига кўринмай қолган.

17 та ҳолатда аҳоли пунктларида, айниқса, мактаблар, бозорлар атрофи ва аҳоли зич яшайдиган ҳудудларда йўлаклар (тротуарлар) таъмирталаб ҳолатга келиб қолган ва янги йўлаклар сифатсиз қурилган. Хусусан, Марғилон шаҳридаги «Узумзор» МФЙ Туркистон кўчаси ҳудудидаги пиёдалар учун мўлжалланган кўприк таъмирталаб аҳволда, объектнинг асфалт қопламаси кўчиб, темир устунлар чириш даражасига етиб келган.

Хоразм вилоятида шу кунгача қурилиши режалаштирилган 42 км тротуардан фақатгина 1 км қисми қурилган. Жиззах шаҳри «Амир Темур» МФЙ ҳудудида қурилган 3,2 км тротуарнинг 500 метрга яқин қисми, Фориш тумани «Оқтом» МФЙда қурилган 1 км тротуарнинг 100 метрга яқин қисми тупроқ билан текисланмаган.

6 та ҳолатда мактаблар олдида тезликни 30 км/соатгача чеклаш каби огоҳлантирувчи белгилар, пиёдалар ўтиш жойини билдирувчи «зебра» чизиқлари, тезликни пасайтирувчи сунъий нотекисликлар мавжуд эмас. Мисол учун, Музработ туманидаги 1-мактаб жойлашган автомобиль йўлида мактабга яқинлашаётган қисмда тезликни пасайтириш йўл белгилари ўрнатилмаган, йўл чизиқлари ва пиёдалар йўлаги чизиқлари кўринмайдиган ҳолатга келиб қолган.

Тошкент шаҳри Янгиҳаёт тумани Наврўз кўчасида жойлашган боғча яқинида янги асфальт қопламаси ётқизилган, аммо «люк»лар устидаги қопқоқларсиз очиқ қолдириб кетилган. Бу болалар хавфсизлиги учун катта хавф туғдирмоқда.

Ногиронлиги бўлган шахсларга йўл инфратузилмасидаги мавжуд ноқулайлик


Мониторинг давомида ногиронлиги бўлган шахсларга йўл инфратузилмасидаги мавжуд ноқулайликларга ҳам эътибор қаратилган. Масалан, Олтинкўл тумани автомобиль йўлида қурилган автобус бекатлари лойиҳасида ногиронлиги бўлган шахслар учун қулай шарт-шароитлар яратиш инобатга олинмаган.

Қарши шаҳри «Насаф» кўчасидаги пиёдалар ўтиш жойида тротуарларни ажратиб турган ариқлар устки қисми ёпилмагани натижасида ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракати чеклаб қуйилган. «Мағзон» маҳалласидаги «Кўзи ожизлар» мактаби олдида пиёдалар ўтиш жойи ва тротуарни туташтирувчи йўлакча носоз бўлиб, чуқурликлар мавжуд, бундан ташқари, катта ариқнинг устки қисми ёпилмаган, бу кўришда ногиронлиги бўлган шахсларнинг хавфсиз ҳаракатланишида тўсиқлар пайдо қилмоқда.

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек тумани «Маҳтумқули» ҳамда «Шахрисабз» кўчалари (6-сонли туғруқхона, Бош прокуратура биноси атрофлари) пиёдалар йўлакларида ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачаси ҳамда кексаларнинг эркин ва хавфсиз ҳаракатланиши учун шароит йўқ. Йўлаклар зинасимон тепаликлардан иборат бўлиб, аравачалар ўтадиган пандус ва махсус қўрилмалар ўрнатилмаган.

Шунингдек, Шайҳонтохур тумани Фурқат кўчаси, Олмазор тумани Себзор кўчаларидаги автомобиль йўллар чеккасидаги пиёдалар йўлаклари ҳам ногиронлиги бўлган шахслар ҳаракатланиши учун мутлақо яроқсиз.

Экспертлар нима дейди?

Мазкур ўрганишларга соҳа экспертлари жалб қилиниб, улар билан мавжуд муаммолор юзасидан муҳокама ўтказилди. Муҳокамада Transkasb корхоналар уюшмаси бошқарув раисининг ўринбосари Носиржон Зокиров, Archemistry блоги муаллифи, урбанист Искандар Солиев, Барқарор шаҳар ва транспортни режалаштириш бўйича мутахассис Бобур Сирожев иштирок этди.

Экспертлар томонидан қўйидаги масалаларга алоҳида эътибор қаратилди:

амалдаги Йўл ҳаракати қоидалари (ЙҲҚ) ва тегишли норматив ҳужжатларда кўплаб хатолар, мантиқий зиддиятлар, тушуниш қийин бўлган ва мужмал ифодалар мавжуд. Бу эса қоидаларнинг нотўғри талқин қилинишига ва ҳуқуқни қўллашда муаммоларга олиб келмоқда;
мамлакатда катта миқдорда йўл белгилари етишмайди, айни пайтда кўплаб жойларда белгилар ортиқча, мантиқсиз, бир-бирини такрорлайдиган ёки кераксиз ўрнатилган («Тўхташ тақиқланган» белгиси каби). Йўл чизиқлари кўпинча эскирган, стандартларга мос келмайди ёки ҳайдовчиларни беихтиёр қоидабузарликка ундайди;
йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасидаги (йўл белгилари, чизиқлар, светофорлар, йўл қопламасига оид) аксарият техник стандартлар 1986 йилда қабул қилинган ва бугунги кун талабларига, замонавий транспорт оқими ва халқаро амалиётга мос келмайди;
айрим йўл ҳаракати қоидабузарликлари учун белгиланган жарималар миқдори уларнинг ижтимоий хавфлилик даражасига ва фуқароларнинг иқтисодий аҳволига номутаносиб равишда юқори. Жарималардан тушадиган маблағларнинг сарфланиши етарлича шаффоф эмас;
мактабларда йўл ҳаракати қоидаларини ўргатиш сифати паст, ўқитувчиларнинг малакаси етарли эмас. ЙПХ ходимларининг айримлари ЙҲҚ ва тегишли қонунчиликни етарлича билмайди;
кўплаб йўллар, автобус бекатлари ва пиёдалар ўтиш жойлари ногиронлиги бўлган шахслар, болалар аравачалари билан ҳаракатланувчилар учун мослаштирилмаган. Айрим йўл участкаларининг кимнинг балансида эканлиги ноаниқ, бу эса уларни таъмирлаш ва сақлашда муаммолар туғдирмоқда;
йўл қурилиши ва реконструкцияси лойиҳаларида хавфсизлик масалаларига етарлича эътибор берилмайди. Йўл чизиқларини чизиш ва белгиларни ўрнатишга масъул ташкилотнинг ИИВ таркибида бўлиши манфаатлар тўқнашувига олиб келиши мумкин.

«Юксалиш» ҳаракати йўл инфратузилмасидаги муаммолар фақат рақамлар билан эмас, инсон ҳаёти ва хавфсизлиги билан боғлиқ эканлигини таъкидлаган ҳолда, масъул идора вакилларини бу муаммоларга эътибор қаратишга чақирди.