2024–2025-йилларда Ўзбекистонда саккизта гиёҳвандлик лабораторияси аниқланган

26 июнь куни Тошкент шаҳрида Гиёҳванд моддаларни ноқонуний айланиши ва улардан суиистеъмол қилишга қарши курашиш бўйича Халқаро кун муносабати билан тадбир бўлиб ўтди.

Бугунги кунда синтетик гиёҳванд моддаларнинг ноқонуний айланмаси ва истеъмоли ортиб бормоқда. Асосан бу моддалар – мефедрон, альфа-ПВП ва МДМА бўлиб, улар Ўзбекистонга Россия Федерацияси ва Қозоғистондан олиб кирилмоқда.

2024–2025-йиллар давомида республика ҳудудида жами 8 та гиёҳвандлик лабораторияси аниқланган. Уларнинг ташкилотчиларига нисбатан жиноят ишлари қўзғатилган ва тегишли чоралар кўрилган.

Баъзи ҳолларда интернет орқали фаолият юритувчи гиёҳвандлик гуруҳлари ташкилотчилари чет элда бўлиб, Ўзбекистонга куръерлар юбориб, уларни жиноятга жалб қилмоқда. Давлат хавфсизлик хизмати томонидан ўтказилган фаол тадбирлар натижасида 2024 йилда чет элдан келган бундай гуруҳларнинг 6 нафар аъзоси қўлга олинган.

Ҳозирда «Прегабалин» номли кучли таъсир қилувчи модданинг Қирғизистон ва Қозоғистон орқали контрабанда йўли билан Ўзбекистонга олиб кирилиши, қўлбола шароитда ишлаб чиқарилиши ва яширин жойларда тарқатилиши ҳолатлари ҳам қайд этилмоқда.