Яна бир ҳуқуқбузарлик ҳақида хабар берганлар рағбатлантирилади

Қимматбаҳо металларга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахслар рағбатлантирилади. Бу борада Президентнинг ПҚ-207-сонли қарори қабул қилинди.


Қарорга кўра, 2026 йил 1 январдан қуйидагилар бекор қилинади: 
қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлардан ишлаб чиқарилган заргарлик буюмлари ва ярим тайёр маҳсулотларни реализация қилиш бўйича айланмани ҚҚСдан озод қилишга оид имтиёз;
олтиндан ясалган заргарлик буюмларини чакана савдода сотганлик учун йиғим.
2028 йил 1 январгача заргарлик буюмларини ишлаб чиқариш ёки уларни сотиш фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорларга ҚҚСнинг 80 фоизи ҳар ойнинг 25-санасигача автоматик равишда республика бюджетидан қайтарилади.


2025 йил 1 сентябрдан:
ЯТТларга заргарлик буюмларини сотиш фаолияти билан шуғулланишга рухсат этилади;
Давлат асиллик даражаси назорати инспекцияси томонидан Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида заргарлик буюмларининг асиллик даражасини текшириш ва уларни тамғалаш бўйича сайёр хизмат кўрсатиш йўлга қўйилади;
қимматбаҳо металлар ва қимматбаҳо тошлар тўғрисидаги ҳуқуқбузарликлар тўғрисида «Soliq» мобил иловаси орқали хабар берган шахсларга ундирилган жарима миқдорининг 50 фоизи миқдорида мукофот тўланади.


Эслатиб ўтамиз, аввалроқ, контрафакт ва истеъмолга яроқсиз товарлар айланмасига доир ҳуқуқбузарликлар ҳақида хабар берган шахслар рағбатлантирилиши ҳақида хабар берилган эди.