Андижонда ички ишлар ходими фуқаро томонидан пичоқланди ва вафот этди. Бу ҳақда ИИВ матбуот хизмати хабар берди.
Жорий йилнинг 1 июль куни соат 20:50ларда Андижон вилояти Хўжаобод тумани “Юксалиш” маҳалласидаги хонадонда жанжал бўлаётганлиги ҳақида 102 қисқа рақамига хабар келиб тушган.
Хабар бўйича ҳудуд профилактика инспектори катта лейтенант А.Абдувалиев, маҳалла раиси А.Маматалиев билан бирга воқеа жойига етиб боришган.
Аниқланишича, 1960 й.т. фуқаро Холбозоров Юнусали Тумарович маст ҳолда ўз оила аъзоларига хўжалик пичоғи билан таҳдид солаётган бўлган. Ҳужумчини зарарсизлантириш жараёнида Ю. Холбозоров қўлидаги пичоқ билан катта лейтенант А. Абдувалиевнинг кўкрак қисмига зарба бериб, оғир тан жароҳати етказган.
Олган жароҳати натижасида кўрсатилган ёрдамга қарамасдан А.Абдувалиев шифохонага олиб кетилаётган вақтида вафот этган.
Ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 97-моддаси 2-қисми «г» банди билан жиноят иши қўзғатилган.
Ҳозирда гумондор Ю. Холбозоров воқеа жойидан яширинган, уни аниқлаш ва қўлга олиш бўйича тезкор-қидирув тадбирлари амалга оширилмоқда.

«Ушбу шахс ҳақида бирон-бир маълумотга эга бўлсангиз зудлик билан яқин орадаги ички ишлар органларига ёки 102 қисқа рақамига мурожаат қилишингиз сўралади. Маълумот берган фуқаронинг шахси сир сақланиши кафолатланади», дейилади вазирлик хабарида.