Тошкент шаҳри Мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси Чилонзор туманидаги боғчада 5 ёшли бола 2-қаватдан тушиб кетгани айтилган хабар юзасидан изоҳ берди.
Қайд этилишича, ҳолат 30 июнь куни соат 9:45 атрофида 7-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида рўй берган. Тарбияланувчи Р.И. назоратсизлик оқибатида иккинчи қават деразасидан йиқилиб тушган.
Бундан хабар топган ташкилот ҳамшираси тарбияланувчига биринчи тез тиббий ёрдам кўрсатган, сўнгра бола 16-сонли шаҳар шифохонаси болалар бўлимига олиб борилган.
Шифокорларнинг бирламчи ташхисига кўра, тарбияланувчига икки қўл билак соҳаси синиши, бурун суяк соҳаси синиши, юқори жағ курак тишларининг алиёнлари осиғининг синиши ташхиси қўйилган. Боланинг аҳволи оғир бўлгани сабабли жонлаштириш бўлимига жойлаштирилган.
Бошқармага кўра, унинг аҳволи яхшиланганидан сўнг жонлантириш бўлимидан чиқарилган.
Айни пайтда ҳолат бўйича Чилонзор туман ИИО ФМБ ходимлари томонидан терговга қадар суриштирув ишлари олиб борилмоқда.