Ҳодисанинг банк операцион фаолиятига алоқаси йўқ – «Анорбанк»

Аввалроқ, Ўзбекистондаги «Анорбанк» раҳбари бўлган 48 ёшли Қаҳрамонжон Олимов Францияда ўғирлаб кетилгани тўғрисида хабарлар тарқалган эди. Бу ҳақда Франциянинг «Ле Monde» нашри хабар қилди.

Нашрнинг хабарига кўра, Қаҳрамонжон Олимов Париж шаҳрида ўғирлаб кетилган ва Нитсса шаҳри яқинидаги бир ертўлада ушлаб турилган. Унинг озод қилиниши учун эса тўлов талаб қилинган. Тўловнинг маълум қисми амалга оширилганидан сўнг, у қўйиб юборилган. 

Мазкур ҳолат юзасидан банк расмий баёнот берди.  Маълум қилинишича, ушбу ҳодиса шахсий, корпоратив бўлмаган хусусиятга эга бўлиб, банкнинг операцион фаоли алоқадор эмас.

Таъкидланишича, банк ўз ишини одатдаги тартибда давом эттирмоқда — барча бўлимлар, хизматлар ва рақамли каналлар барқарор ишлаяпти, жорий ва стратегик лойиҳалар тасдиқланган режаларга мувофиқ амалга оширилмоқда.

Анорбанк ОАВ вакилларидан ушбу мавзуни ёритишда ахлоқий меъёрларга риоя қилишни, текширилмаган маълумотларни эълон қилмасликни ва шахсий ҳаёт дахлсизлигини ҳурмат қилишни сўрайди. Банк, шунингдек, ортиқча муҳокамалар ёки текширилмаган маълумотларни тарқатиш расмий тергов жараёнига ҳам, жабрланувчининг шахсий ҳаёти дахлсизлигига ҳурмат кўрсатишга ҳам салбий таъсир кўрсатиши мумкинлигига эътиборни қаратади.

Анорбанк барқарорлик, профессионаллик ва масъулиятни сақлаган ҳолда ҳар бир мижоз учун ишончли молиявий ҳамкор бўлиш вазифасига содиқ қолишда давом этади.

“Анорбанк тарқалаётган маълумотларга тушуниш ва ҳамдардлик билан ёндашган барча мижозлар, ҳамкорлар ва ҳамкасбларга чуқур миннатдорчилик билдиради. Ахборотга нисбатан сезгир вазиятда банк сизнинг ҳамдардлигингиз, содиқлигингиз ва барқарор ҳамда ишончли ташкилот сифатида банкка бўлган ишончингизни алоҳида қадрламоқда. Бизга кўплаб илиқ сўзлар ва қўллаб-қувватловлар йўлланмоқда, бу эса ўзаро ҳурмат даражасининг юқорилигини тасдиқлайди ва очиқлик ҳамда масъулият тамойилларига содиқлигимизни янада мустаҳкамлайди”,— дейилади хабарда.