1-июндан бошлаб мамлакат бўйлаб “Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида умумтаълим мактабларида турли тўгараклар, спорт ва маданий тадбирлар ўтказилмоқда. Расмийларга кўра, лойиҳа мақсади – ўқувчиларнинг ёзги таътилини мазмунли ташкил этиш, уларнинг бўш вақтини самарали банд қилиш. Аммо танганинг иккинчи тарафи бор: ўқитувчилар ёзда дам олиш ўрнига яна мактабга мажбурий “иш”га жалб қилинмаяптими?
“Долзарб 90 кун” лойиҳаси доирасида 2025-йил 1-июндан 30-августга қадар ёшларни бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни соғломлаштириш, касб-ҳунарга йўналтириш, шунингдек, таълим ташкилотлари ўртасида ёз ойларида самарали ҳамкорликни йўлга қўйиш устувор вазифалар сифатида белгиланган.
Мамлакатимизнинг чекка ҳудудларидаги мактабларда ўқитувчилар 25 майдан сўнг синф хоналарни бирламчи таъмирлашга жалб қилинади. Ундан сўнг тозалаб таъмирланган синф хоналарда ҳаво аномал иссиқ бўлишига қарамай уйлари мактабга яқин ўқувчиларни топшириқни бажариш учун тўгаракка чақиради. Тўгарак расм ва видеоларга олиш учун ўтилади. Аслини олганда ўқитувчини тўгарак ўтмасликка ҳам ҳаққи бор, ахир у ҳозир қонунчиликка кўра меҳнат таътилида эмасми?
Меҳнат кодексига зид эмасми?
Педагоглар йиллик ўқув йили тугаганидан сўнг (одатда июн ойининг биринчи ярмида) таътилга чиқишади. Таътил одатда август ойининг ўрталарига ёки охирларига қадар давом этади, чунки августнинг охирги ҳафтасидан бошлаб янги ўқув йилига тайёргарлик ишлари бошланади. Ўзбекистон Республикасининг Меҳнат кодексига кўра, педагог ходимларнинг йиллик меҳнат таътили камида 56 кун этиб белгиланган. Бу даврда улар ҳеч қандай мажбурият юкланмасдан дам олиши, соғлиғини тиклаши керак.Бизда эса эски ҳаммом эски тос мактаб тугаши билан ўқитувчилар мактабнинг мардикорига айланади. Таъмирлаш, тозолаш ишларига ҳам жалб қилинади.
Дунё бўйича ўқитувчилар юқори даражадаги стресс ва руҳий босим остида ишлайди. Улар нафақат дарс беради, балки тарбиялайди, муаммо ҳал қилади ва бюрократик юкламаларни бажаради. Бу эса уларда эмоционал чарчоқ (“бурноут”) ҳолатларини келтириб чиқаради.
UNESCO тадқиқотларига кўра, ҳар учинчи ўқитувчи фаолиятининг илк 10 йиллигида касбни тарк этмоқда. Асосий сабаблар: иш ҳажмининг кўплиги, ўқувчиларнинг муомаласи, паст ижтимоий эътироф ва етарли молиявий рағбатнинг йўқлигидир.
Психологлар бу касбни доимий психологик кўмак ва руҳий саломатликни қўллаб-қувватлашни талаб қилувчи фаолият деб ҳисоблашади.
Ёз – бу ўқитувчи учун нафақат танаффус, балки касбий куч йиғиш давридир. Агар ҳар йили ёзда педагоглар яна мактабга, яна “дарссиз дарс”ларга жалб қилинаверса, улар қачон дам олади? Қачон ўзини ривожлантиради, касбий малакасини оширади?
Ўқитувчиларга бу каби қўшича иш юкламасини топшириш, тағинам таътил даврида ўқитувчининг шахсий ҳаёти, соғлиғи ва меҳнат ҳуқуқлари эвазига амалга оширилаётган бўлса, бу энди самарали лойиҳа эмас, босим воситаси бўлиб қолади.
Агар чиндан ҳам ўқувчиларнинг ёзги вақтини мазмунли ташкил этиш мақсад қилинган бўлса, нега бу ишлар учун алоҳида тарбиячилар, спорт мураббийлари, мактабдан ташқари тўгарак раҳбарлари жалб қилинмаяпти? Нега ҳар доим “ўқитувчи” энг қулай қурбон сифатида танланади?
Ёзги таътил – бу нафақат бола, балки ўқитувчининг ҳам ҳуқуқидир. Бундан ташқари шу кунгача бирор марта ўқитувчиларни таътил олиш учун бирор дам олиш маскани ёки сиҳатгоҳга юборилганини эшитмадик, касаба уюшмасига уларнинг ойлигидан ушлаб қолинаётган пуллар нима учун йўналтирилмоқда?
Ўқитувчи соғлиғини тикламаса, таълим сифатига зарар етмайдими?Ёзги таътил ҳисобида ўқувчиларни банд қилиш ўқитувчининг ҳуқуқи бузилиши эвазига бўлиши керакми? Ушбу ҳолатлар бўйича расмийлардан муносабат кутиб қоламиз.