Тошкентда эҳсонга деб фирибгарлик билан пул йиғганларнинг шахси аниқланди

Тошкентда бир неча шахслар фуқаролардан интервью олиш баҳонасида суҳбатлашиб, улардан фирибгарлик йўли билан пул йиғаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Пойтахт ИИББ уларнинг шахси аниқланганини маълум қилди.

5 июль куни Чилонзор туманидаги боғларнинг бирида 2004 йилда туғилган Ш.С., 2001 йилда туғилган С.С. ва 2004 йилда туғилган Т.А. фуқаролар билан интервью олиш баҳонасида суҳбатлашиб, улардан фирибгарлик йўли билан масжид қурилиши, ногиронларга ёрдам каби баҳоналарни ишлатиб пул йиғаётганлари маълум бўлган.

Кўрилган чора-тадбирлар натижасида ушбу фуқароларнинг шахси аниқланган ва улардан ашёвий далил сифатида пул маблағлари холислар иштирокида расмийлаштириб олинган.   

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан Чилонзор тумани ИИО ФМБ томонидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.

Жиноят кодекси 168-моддасига кўра, фирибгарлик бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, БҲМнинг 100 бараваридан 300 бараваригача миқдорда жарима ёки 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5  йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилдан 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.