Тошкентда фуқарони $22 минг эвазига АҚШга ишга юбормоқчи бўлган шахс ушланди

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимлари томонидан Тошкент шаҳар Сергели туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар И.Қ. ва А.А. (муқаддам фирибгарлик жиноятлари учун судланган) фуқаро А.Т.нинг ишончига кириб, гўёки юқори лавозимда ишловчи танишлари орқали уни Америка Қўшма Штатларига ишга юбориши эвазига 22 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Шунингдек, Наманган вилоятида ҳам ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Т. фуқаро А.А. ва бошқаларни танишлари орқали Япония давлатига ишга юбориши эвазига аввалдан келишилган 32 000 АҚШ долларидан 10 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Фарғона вилоятида ҳам ўтказилган тезкор тадбирда «B.G.» МЧЖ Фарғона филиали раҳбари Н.А. фуқаро А.А.га ўзини гўёки Ташқи меҳнат миграция агентлиги ходими сифатида таништириб, уни Жанубий Корея Республикасига ишга юбориши учун 10 000 АҚШ доллари эвазига сертификат тайёрлаб беришини айтиб, шундан 5 000 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Андижон вилоятида ҳам ўтказилган тезкор тадбирда чет тилларни ўргатувчи “А.” ўқув маркази ходими Х.Ш. фуқаро Ф.О.ни Жанубий Кореяга ишга юбориши учун «G1 viza» расмийлаштириб беришини айтиб, ундан 4 500 АҚШ долларини олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ЖКнинг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 28, 211-моддаси (пора бериш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.