Ўзбекистонда ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича янги тизим самара беришни бошлагани қайд этилди

Президент раислигида ўтказилган видеоселектор йиғилишида ҳайдовчиларни тайёрлаш бўйича янги тизим самара беришни бошлагани таъкидланди. 

Келтирилишича, йил бошидан стажи кам ҳайдовчиларнинг қоидабузарлиги 15 фоизга, оғир авариялар 30 фоизга қисқарди. Лекин пиёдалар, айниқса ёшларнинг маданияти ва йўл ҳаракати қоидалари ҳақидаги билимларини ошириш долзарб масала экани таъкидланди.

Масъул вазирликларга янги ўқув йилигача мактаб ва боғчаларда ҳаракат хавфсизлиги бўйича дастурларни тубдан янгилаш топширилди. Мактаб ўқувчилари ва маҳалладаги ёшлар ўртасида “Яшил чироқ” мусобақалари қайта тикланиб, республика ғолибларига президент совғаси берилади.

Йўл ҳаракати қоидалари бўйича содда видео ва анимацион контентлар яратилади. Маҳаллада, турли тадбирларда йўл қоидаларига амал қилиш бўйича тушунтириш ишлари йўлга қўйилади.

Йиғилишда шунингдек, ҳудудлар, соҳа учун масъул вазирлик ва идоралар раҳбарларининг ҳисоботлари тингланди.

Селектордан асосий янгиликлар

  • Мўйноқ, Нукус, Тахтакўпир, Қонликўл, Янгиобод, Тўрақўрғон, Оққўрғон, Сайхунобод, Булоқбоши, Улуғнор, Бандихон туманлари ва Оҳангарон, Ширин, Нурафшон, Хонобод шаҳарларида вазият яхшиланиб, бирорта ўлим бўлмади.
  • Қаерда ҳоким ва ЙҲХХ биргаликда йўл инфратузилмаси билан жиддий шуғулланса, ўша ерда ўзгариш кузатилаётгани қайд этилди. 
  • Президент йўл инфратузилмасини яхшилаш орқали аварияларни камайтириш бўйича “Хавфсиз йўл” миллий дастури бошланишини эълон қилди. 
  • Тошкент вилоятидан пойтахтга янги 6 та автобус маршрути қўшилади.
  • Йўлларни қуриш ва таъмирлашга 61 трлн сўм ажратилди.
  • Ўзбекистонда бир ойда икки марта қарама-қарши ёки қизил чироқда ҳаракатланган ҳайдовчилар жаримадан чегирма олмайди.