Юн Сок Ёл яна ҳибсда: собиқ президентга қарши янги айбловлар қўйилди

Жанубий Корея сиёсий саҳнасида яна кескин бурилиш рўй берди. Мамлакат собиқ президенти Юн Сок Ёл 9 июль куни яна ҳибсга олинди. Сеул суди томонидан чиқарилган ҳибсга олиш қарори 2024 йил декабрида эълон қилинган қисқа муддатли ҳарбий ҳолат билан боғлиқ янги айбловлар асосида қабул қилинди.

Судда прокуратура Юн Сок Ёл эркинликда қолса, далилларга таъсир ўтказиши мумкинлигини таъкидлади ва суд бу фикрни қўллаб-қувватлади.

🧾 Янги айбловлар қуйидагиларни ўз ичига олади:

  • Ваколатни суиистеъмол қилиш,
  • Мансабдор шахсларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш,
  • Расмий ҳужжатларни сохталаштириш.

Агар мазкур айбловлар расман тасдиқланса, Юн Сок Ёлни дастлабки судгача олти ой давомида ҳибсда сақлаш мумкин.

Маълумот учун, 2024 йил декабрида Юн парламент билан юзага келган сиёсий низо туфайли мамлакатда бир неча соатлик ҳарбий ҳолат эълон қилган эди. Бу ҳаракат мухолифат томонидан “қўзғолонга уриниш” сифатида баҳоланган ва натижада унга қарши импичмент жараёни бошланган.

Юн эса ўз ҳаракатларини сиёсий жиҳатдан асосланган деб ҳисоблаган ва мухолифатни “ҳукумат фаолиятини издан чиқаришда” айблаган.

2025 йил июнь ойида ўтказилган муддатидан олдинги президентлик сайловларида мухолифат вакили Ли Чже Мён ғалаба қозонган эди. У 49,4 фоиз овоз билан мамлакатнинг янги президенти этиб сайланган.