Тошкент пропискаси расман йўқ бўлди

Президент Шавкат Мирзиёев 2025 йил 10 июл куни “Ўзбекистон Республикаси фуқароларини, чет эл фуқароларини ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахсларни яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисида”ги қонун(ЎРҚ–1074-сон)ни имзолади.

Қонун Қонунчилик палатаси томонидан 2024 йил 15 октябрда қабул қилинган, Сенат томонидан 2025 йил 24 январда маъқулланган.

Platina.uz ушбу қонуннинг асосий жиҳатларини ҳавола қилади. Энг аввало қайд этиш керак, «Тошкент пропискаси» деган атама мазкур қонун билан буткул йўқ бўлади. Бу атама ҳалигача юракларга ғул-ғула солиб турганини Транспорт вазирлиги яқинда бир эслатиб қўйганди.

Хусусан, ушбу қонун билан 2011 йил 14 сентябрда қабул қилинган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги ва 2020 йил 13 майда қабул қилинган «Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида доимий прописка қилиниши лозим бўлган шахслар – Ўзбекистон Республикаси фуқаролари тоифаларининг рўйхати тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартишлар ва қўшимча киритиш ҳақида»ги қонунлар ўз кучини йўқотган.

Ўзбекистон бўйича рўйхатга қўйиш

Ўзбекистон фуқаролари яшаш жойи ўзгарган тақдирда, янги яшаш жойига келган кундан эътиборан 10 иш кунидан кечиктирмай рўйхатдан ўтиши шарт.

Қуйидаги ҳудудларда фуқароларнинг эркин ҳаракатланиш, турар ва яшаш жойини танлаш ҳуқуқи чекланиши мумкин:

  • чегара зонасида;
  • ёпиқ ҳарбий шаҳарчаларда;
  • ёпиқ маъмурий-ҳудудий тузилмаларда;
  • табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар рўй берган зоналарда, фуқароларнинг ҳаёти, соғлиги ва хавфсизлигига таҳдид соладиган бошқа жойларда;
  • юқумли касалликларнинг ҳамда юқумли бўлмаган оммавий касалликларнинг тарқалиши, одамларнинг заҳарланиш хавфи мавжуд бўлганлиги муносабати билан аҳолининг яшаши ҳамда хўжалик фаолияти учун алоҳида шартлар ва режимлар жорий этилган айрим ҳудудларда ҳамда аҳоли пунктларида;
  • ўта муҳим ва тоифаланган объектларда;
  • фавқулодда ёки ҳарбий ҳолат эълон қилинган ҳудудларда.

Ички ишлар вазирлиги яшаш жойи ва турган жой буйича рўйхатдан ўтказиш соҳасидаги ягона давлат сиёсатини амалга оширади.

Фуқароларни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш:

  • ички ишлар органларининг миграция ва фукароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда);
  • ички ишлар органларининг таянч пунктларида ва маҳалла ҳуқуқ-тартибот масканларида (шахсан мурожаат қилинганда);
  • давлат хизматлари марказларида (шахсан мурожаат қилинганда);
  • Ягона интерактив давлат хизматлари портали оркали (хабардор қилиш тартибида);
  • Е-xabar berish тизими орқали (хабардор қилиш тартибида);
  • жойлаштириш воситаларида ёки даволаш муассасаларида Е-mehmon тизими орқали (хабардор қилиш тартибида) амалга оширилади.

Ўзбекистон фуқаросининг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлиги мавжуд эмаслиги уни турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишни рад этиш учун асос бўлмайди.

Рўйхатдан ўтиш масаласида қуйидаги ҳужжатлар тақдим этилади:

  • турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) уй-жой майдонини бериш тўғрисидаги аризасини (розилигини), шахсан бориш имкони мавжуд бўлмаганда эса унинг (уларнинг) нотариал тартибда тасдиқланган аризасини (розилигини);
  • турар жой мулкдорининг (мулкдорларининг) паспортини (яшаш гувоҳномасини) ёки идентификацияловчи картасини;
  • рўйхатдан ўтаётган шахснинг паспортини ёки идентификацияловчи картасини;
  • 16 ёшга тўлмаган бола аризада кўрсатилган тақдирда, унинг туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномасини ёки шахсини тасдиқловчи бошка ҳужжатларни;
  • васийликдаги (ҳомийликдаги) бола ёки оилага тарбияга олинган (патронат) бола аризада кўрсатилган тақдирда, васийликни (ҳомийликни) тасдиқловчи ҳужжатларни ёки болани оилага тарбияга олиш тўғрисидаги келишувни.

Фуқароларни корхона, муассаса ва ташкилотлар тасарруфидаги хизмат турар жойида (ётокхонада) яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш турар жойнинг ҳужжатига (ордерга) ёки мазкур ташкилотлар раҳбарларининг ёзма рўйхатига асосан ички ишлар органларининг миграция ва фуқароликни расмийлаштириш бўлинмаларида (шахсан мурожаат қилинганда) амалга оширилади.

Фуқарони яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш тўғрисидаги электрон сўровномани (аризани) кўриб чиқиш муддати 1 иш кунидан ошмаслиги керак.

Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтган шахсга яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик ҳақидаги электрон ва (ёки) қоғоз шаклидаги маълумотнома расмийлаштирилади.

Агар турган жойи бўйича рўйхатдан ўтганлик муддати тугаган бўлса, аммо шахс ушбу жойда бўлишни давом эттирса, у 10 иш куни ичида турган жойи бўйича янгидан рўйхатдан ўтиши зарур.

Турар жойдан фойдаланиш ҳуқуқи суд томонидан белгиланган шахсларнинг розилигисиз уларнинг яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилганлигини бекор қилиш фақат суднинг қарорига асосан амалга оширилади.

Рўйхатга қўйишда давлат божи ундирилади.

Уй-жой майдони ва чет эллик фуқаролар

Яшаш жойи ва турган жойи бўйича рўйхатдан ўтказишда уй-жой майдонининг ижтимоий нормасига риоя этиш талаб қилинади.

Уй-жой майдонининг ижтимоий нормаси Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари томонидан бир киши ҳисобига 16 квадрат метрдан кам бўлмаган умумий майдон ҳажмида, ўриндиқли аравачада ҳаракатланадиган ногиронлар учун эса 23 квадрат метрдан кам бўлмаган ҳажмда белгиланади.

Қуйидаги фуқароларга нисбатан уларни яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказиш чоғида юқаридаги қоидалар қўлланилмайди:

  • эрга (хотинга) нисбатан – бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;
  • ота-оналар, фарзандларга нисбатан – бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;
  • бува, буви, невараларга нисбатан – бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;
  • васийликдаги (ҳомийликдаги), шунингдек, оилага тарбияга олинган (патронат) шахсларга нисбатан – васийнинг (ҳомийнинг), тутинган отанинг ёки онанинг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;
  • ака-укалар, опа-сингилларга нисбатан – бир-бирининг яшаш жойи бўйича уй-жой майдонига;
  • озодликдан маҳрум этиш жойларидан озод қилинган шахсларга нисбатан – олдинги яшаш жойига, яъни ўз оила аъзоларининг, қариндошларининг ёки ҳукм қилингунига қадар ўзи биргаликда яшаб турган бошқа шахсларнинг уй-жой майдонига.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда доимий яшаш учун рухсатнома бериш ички ишлар органларининг миграция ва фукароликни расмийлаштириш бўлинмаларида шахсан мурожаат қилинганда амалга оширилади.

Ўзбекистонда доимий яшаш учун рухсатномага эга бўлмаган, бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтказилмайди.

Бошқа давлатлар ҳудудида доимий яшайдиган чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда доимий яшаш учун рухсатнома Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати асосида берилади.

Чет эл фуқароларига ва фуқаролиги бўлмаган шахсларга Ўзбекистонда доимий яшаш учун рухсатнома бериш тартиби ҳамда Яшаш жойи бўйича рўйхатдан ўтиш ҳуқуқига эга бўлган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тоифалари рўйхати Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланади.

Жазолар

Паспорт тизими қоидаларига риоя этиш учун масъул бўлган шахслар томонидан Ўзбекистон фуқароларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз яшашига йўл қўйилиши, худди шунингдек шахслар томонидан ўз турар жойларида Ўзбекистон фуқароларининг шахсини тасдиқловчи ҳужжатларсиз, яшаш жойи ёки турган жойи бўйича рўйхатдан ўтмасдан яшашига йўл қўйилиши – базавий ҳисоблаш миқдорининг 5 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Ушбу модданинг еттинчи қисмида назарда тутилган айни бир ҳуқуқбузарлик маъмурий жазо чораси қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилган бўлса, базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади.

Шахс ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун қуйидаги ҳолларда маъмурий жавобгарликка тортилмайди, агар у:

  • 18 ёшга тўлмаган бўлса;
  • 60 ёшдан ошган бўлса;
  • тўлиқ давлат таъминотида бўлса;
  • Ўзбекистон ёки чет давлат ҳудудида табиий ҳамда техноген хусусиятли фавқулодда вазиятлар, шу жумладан маиший тусдаги офатлар (турар жойларнинг ёки яшаш учун мўлжалланмаган жойларнинг ёнғинлари, қулаши, транспорт воситаларининг ёниши) рўй берганлиги натижасида жабрланган бўлса;
  • қонунга хилоф равишда ҳукм қилинган ёки ишда айбланувчи, судланувчи сифатида иштирок этишга жалб қилинган бўлиб, паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг амал қилиши суд ажримига кўра тўхтатиб турилган бўлса;
  • жазони ижро этиш муассасасида жазони ўтаётган бўлса ёки жазони ўтаб чиқиб, бир ой ичида идентификацияловчи ID-карта расмийлаштириш учун мурожаат қилса;
  • учинчи шахсларнинг ғайриҳуқуқий ҳаракатлари ёки жиноят содир этилганлиги оқибатида паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг (яшаш гувоҳномасининг) яроқсиз ҳолга келганлиги ёки улар йўқолганлиги тўғрисида ариза берса (ушбу фактлар қонунчилик ҳужжатларида белгиланган тартибда аниқланган ҳолларда);
  • хизмат вазифаларини ёки фуқаролик бурчини бажариш чоғида, шунингдек енгиб бўлмас куч, охирги зарурат ёки зарурий мудофаа оқибатида паспортининг ёки идентификацияловчи ID-картасининг (яшаш гувоҳномасининг) яроқсиз ҳолга келганлиги ёки уларнинг йўқолганлиги тўғрисида ариза берса (ушбу ҳоллар қонунчиликда назарда тутилган тартибда аниқланган тақдирда).

Шахс ушбу моддада назарда тутилган ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган бошқа ҳолларда ҳам жавобгарликдан озод этилиши мумкин.

Ушбу қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради. Яъни 2025 йил 12 октябрдан. Унгача барча ҳужжатлар мазкур қонунга мослаштирилиши керак.