Ўзбекистонда банк карталари сони 62 миллиондан ошди

2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра, жами 62 миллион 351 минг дона банк картаси муомалага чиқарилган. Бу ҳақда Марказий банк маълум қилди. Бу ўтган йилга нисбатан қарийб 14 миллион донага кўп. 2024 йилнинг шу даврида уларнинг сони 48 миллион 373 мингдан ортиқ эди.

Лекин, карталар сони ортиб бораётган бир пайтда, мамлакатдаги тўлов терминаллари сони камайган. 2024 йил 1 апрель ҳолатида бутун республика бўйлаб 430 минг 66 та терминал мавжуд бўлган бўлса, 2025 йил апрелида бу кўрсаткич 424 минг 143 тага тушган.

Шунга қарамай, инфокиосклар ва банкоматлар сони ортишда давом этмоқда. 2024 йил апрель ойида уларнинг умумий сони 26 минг 986 тани ташкил этган. Жорий йилда бу рақам 33 минг 650 тага етган.

Марказий банк ушбу кўрсаткичлар тўлов тизимларининг рақамлаштирилаётгани ва банк хизматларидан фойдаланишнинг оммалашиб бораётганини англатишини таъкидламоқда.