Ижтимоий тармоқларда пиарга айланган «УМРА»: ибодатми ёки кўз-кўз қилиш?

Сўнгги йилларда мусулмонлар орасида умрага боришнинг ноодатий шакллари оммалашмоқда. Айниқса, велосипедда умрага сафар қилиш тенденсияси ижтимоий тармоқларда кенг муҳокамаларга сабаб бўлмоқда. Дастлаб бу ташаббуслар собит эътиқод, қатъият ва сабрнинг ифодаси сифатида қаралган бўлса, бугунга келиб у айримлар учун шахсий бренд яратиш, оммалашиш ва ҳатто даромад топиш воситасига айланмоқда.

Инстаграм платформасида “Туякаш” номи остида сафарга чиққан блогернинг фаолияти бунга яққол мисол бўла олади. У ўзининг инстаграм саҳифасида бу Умра сафари 3-марталиги, бундан олдин велосипедда борганлигини ва бу сафар туяда йўлга чиққанлигини айтиб ўтган. Шунингдек, у ушбу сафар учун алоҳида инстаграм саҳифа очиб 13,5 мингта обуначи йиғган. “Туякаш” нинг постларидан шуни хулоса қилиш мумкинки, бу сафарни у дастлаб туяда, кейин кимдир совға қилган эшак аравада, отда давом эттирмоқда. Бундан ташқари ҳар кун ҳар хил инсонларнинг, шунингдек машҳур инсонларнинг уйларида меҳмон бўлиб буни ижтимоий тармоқ орқали улашиб бормоқда. Ушбу ҳолатларга нисбатан жамоатчилик негатив фикрлар билдирилгандан сўнг постлар тагида изоҳлар қисмини ўчириб қўйган. Ушбу ҳолатларга на диний қўмита ёки расмий ҳеч қандай муносабат билдиргани йўқ.

Бугунги кунда умра сафари Ўзбекистонликлар учун Ўзбекистон Мусулмонлари Идораси орқали чиқариладиган расмий гуруҳ пакетлари тахминан 16,600,000 УЗС (сўм) ни ташкил қилади, бу 11 кунлик Умра ва масъул хизматларни ўз ичига олади. Шунингдек, хусусий сайёҳлик агентликлари орқали ҳам борилса, нархлар одатда $1,200–$1,500 атрофида бўлиб, бу 14 кунлик стандарт Умра пакетлари ҳисобланади. Бу тур пакетлари ичига меҳмонхона, тиббий суғурталар ҳам киради. Умумий олганда хавфсиз ва қулай. Қулай ва хавфсиз шароитли таклиф турганда бундай сафарлар аслида иймон ва сабрнинг ифодасими ёки диний қадриятларни тижоратга айлантиришми? Умра каби муқаддас амалларни шоу элементларига айлантириш қанчалик тўғри? Инстаграм орқали реклама қилиш, жонли эфирлар олиб бориш, ихтиёрий пул йиғиш каби ҳаракатлари диний амаллар ва шахсий ибодат билан маркетинг ўртасидаги чегарани йўқотаётгани ҳақидаги хавотирларни кучайтирмоқда.

Ушбу ҳолатлар бўйича Дин ишлари қўмитасида расмий муносабат олишга бир неча бор ҳаракат қилдик, аммо сўровларимиз жавобсиз қолди.

Замон ўзгариб, ахборот майдони кенгайгани сари ҳар қандай ибодат, ҳатто шахсий сафарлар ҳам оммага тақдим қилинмоқда. Бунда инсонлар орасидаги фарқлилик — кимдир чин юракдан ибодат қилаётган бўлиши, бошқаси эса шунчаки трендга эргашаётгани — бир-бирига аралашиб кетади. Ижтимоий тармоқлар бу фарқни ёпа олмайди, балки кўпинча чалғитади.

Шу боис, бугунги кунда диний амалларни контентга айлантиришда ниҳоятда эҳтиёткорлик, ихлос ва ҳалоллик талаб этилади. Блог юритиш — ижобий воқелик бўлиши мумкин, агар у кўрсатиш эмас, етказиш ниятида бажарилса. Лекин ибодатлар шахсий, самимий ва холис бўлиши кераклиги Ислом таълимотининг асосий тамойилларидан биридир.