Президент администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди

Президент администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди. Администрация раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.

Ўзбекистон Президент администрациясининг янги тузилмаси тасдиқланди. Бу Шавкат Мирзиёев томонидан «Давлат бошқаруви тизимида самарадорлик, проактивлик ва натижадорликни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги имзоланган фармонда белгиланди, дея хабар қилди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Фармонга кўра, администрация ва унинг таркибидаги ташкилотларда 284 та штат қисқартирилди, такрорланувчи лавозимлар оптималлаштирилди.

Фармонга асосан, эндиликда Президент администрацияси фаолиятида 5 та устувор йўналиш белгиланди. Булар — таълим, бизнес, суд-ҳуқуқ тизими, тиббиёт ва сув ресурслари масалаларидир. Ушбу йўналишларда ислоҳотларни самарали амалга ошириш мақсадида Президент Администрацияси раҳбарига 5 нафар ўринбосар лавозими жорий этилди.

Бундан ташқари, президентнинг стратегик ривожланиш, ташқи сиёсат бўйича янги маслаҳатчи лавозимлари киритилиб, молиявий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект, креатив иқтисодиёт ва туризмни ривожлантириш, жамоат хавфсизлиги ва қонун устуворлиги, тадбирларни ташкиллаштириш, йиғилиш ва ҳудудларга ташрифлар учун таҳлилий контент тайёрлаш бўйича, шунингдек, коммуникация департаментлари ташкил этилди.