Дунёдаги энг кекса давлат раҳбари яна президентликка номзодини қўйди

Камерун президенти Поль Бийя 12 октябрь куни бўлиб ўтадиган президентлик сайловларида ўз номзодини қўйишини эълон қилди. Бу ҳақда 92 ёшли давлат раҳбари ижтимоий тармоқда маълум қилди.

«Менинг сизларга хизмат қилишдаги қатъиятим мамлакатимиз олдида турган жиддий муаммоларга муносибдир», — деб ёзди у.

Бийя — дунёдаги энг кекса амалдаги давлат раҳбари бўлиб, 1982 йилдан буён ҳокимиятда. Reuters агентлиги маълумотига кўра, агар у яна сайланса, деярли 100 ёшгача президентликда қолиши мумкин.

2008 йили у президентлик муддатига қўйилган чекловларни бекор қилган ва қайта-қайта сайланиш имконини қўлга киритган. 2018 йилги сайловда у 71 фоиздан ортиқ овоз олган.

Унинг партияси — CPDM 2024 йилдан бери уни яна сайловда иштирок этишга чақириб келмоқда. Аммо мухолифат унинг узоқ муддат ҳокимиятда қолишини мамлакат тараққиётига тўсиқ сифатида баҳоламоқда. Икки собиқ иттифоқчиси ҳукумат коалициясидан чиққан ва сайловда мустақил номзод сифатида иштирок этиш ниятида.

Поль Бийягача мамлакатни 22 йил бошқарган Камеруннинг биринчи президенти Ахмаду Бабатура Ахиджо 1982 йили соғлиги туфайли истеъфога чиққан эди.