Ўзбекистоннинг қайси ҳудудида электромобиллар кўп сотиб олиняпти?

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази маълумотларига кўра, сўнгги бир йил ичида Ўзбекистонда электромобиллар сотуви 62,6 фоизга ошган.

Автомобиль бозори: умумий ҳолат

Жорий йил бошидан буён мамлакатда автомобиль бозорида муайян барқарорлик кузатилмоқда. Июнь ойида енгил автомобиллар савдоси май ойига нисбатан 3 фоизга кўпайди.
Январь–июнь ойлари давомида 446 минг донага яқин енгил автомашиналар сотилди. Бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 23 фоизга камайган. Пасайиш асосан иккиламчи бозордаги фаоллик сусайгани билан изоҳланмоқда.

Бирламчи бозорда ўсиш

Июнь ойида бирламчи бозорда 23,7 минг дона маҳаллий ишлаб чиқарилган янги енгил автомобиллар сотилган — бу май ойига нисбатан 15,6 фоизга кўп.
Бироқ, хорижда ишлаб чиқарилган янги автомобиллар сегментида салбий динамика кузатилган: савдо ҳажми 4 минг дона атрофида бўлиб, 12,6 фоизга камайган.

Иккиламчи бозорда пасайиш қайд этилмоқда

Марказ таҳлилига кўра, июнь ойида 52 минг донадан ортиқ фойдаланилган енгил автомобиллар сотилган — май ойига нисбатан 0,4 фоизга кам. Бироқ йиллик ҳисобда иккиламчи бозорда 1,3 фоизлик ўсиш қайд этилган.

Электромобиллар бозорида барқарор ўсиш

Июнь ойида 5,1 минг дона электромобиль сотилган бўлиб, бу май ойига нисбатан 1,7 фоизга кам. Шу билан бирга, 2025 йилнинг биринчи ярмида 28,8 минг дона электромобиль сотилиб, ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 62,6 фоизга кўпайган.

Савдоларнинг энг юқори ўсиши Сирдарё, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида қайд этилган.
2025 йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатда жами 65,2 мингта электромобиль рўйхатга олинган. Улардан 49,7 мингтаси Тошкент шаҳрида. Энг кам электромобиль Сурхондарё вилоятида қайд этилган — 198 дона.

Келажак кутилмалари

Boston Consulting Group’нинг башоратига кўра, 2030 йилгача Ўзбекистонда автомобиль бозори ҳар йили ўртача 6 фоизга ўсиши мумкин. Яқин 3–5 йилда эса ривожланишга қуйидаги омиллар таъсир кўрсатади:

электромобил ва гибрид автомобиллар савдосининг ошиши,
юқори тоифали (премиум) моделларга бўлган талаб,
SUV турдаги автомобилларга устуворлик.

Шунингдек, бозор ривожида иқтисодий ўсиш суръати, валюта курси ва Марказий банкнинг асосий ставкаси ҳал қилувчи омиллар сифатида қайд этилмоқда.