Қашқадарё вилоятининг Китоб ва Шаҳрисабз, Самарқанд вилоятининг Ургут туманларидаги чорва молларида касаллик тарқалгани айтилди. Аҳолининг сўзларига кўра, касаллик номаълум ҳашорот қорамолларни чақишидан келиб чиқмоқда ва бу маймунчечак деб тахмин қилиняпти. Одамлар қорамолларини сотиб юбориш ёки сўйиш орқали касаллик билан курашяпти.
Маълумотларга кўра, Қашқадарё вилоятининг баъзи туманларида истеъмол учун мол гўшти ўрнига товуқ гўштлари сотилмоқда. Туманлардаги ветеринар шифокорлар билан ҳолат бўйича гаплашганимизда улар маълумот беришни хоҳлашмади. Бироқ улар чақирув ниҳоятда кўплигини таъкидлашди.
Ушбу ҳолатлар бўйича Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитасидан муносабат олдик. Қўмита матбуот котиби Анвар Суюнов ушбу хабарлар мутлақо асоссиз эканини, ҳозирча бундай хабарлар йўқлигини ва “Маймунчечак” Ўзбекистонда ҳали аниқланмаганлигини айтиб ўтди. Шунингдек, бундай хабарлар асосан норасмий каналларда фаолликни ошириш ва обуначи йиғиш мақсадида тарқатилаётганини, турли хил норасмий каналлардаги хабарларнинг ҳаммасига ҳам ишонмаслик кераклигини таъкидлаб ўтди.