Ўзбекистонга Мўғулистондан 1 миллион бош қўй ва эчки олиб келинади

Президент Шавкат Мирзиёевнинг 2024 йил 24–25 июн кунлари Мўғулистонга қилган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни амалга ошириш бўйича президент қарори эълон қилинди. Ҳужжатда қишлоқ хўжалиги, чорвачилик ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспорти бўйича қатор муҳим вазифалар белгиланди.

Мўғулистондан 1 миллион бош қўй олиб келинади

2025–2026 йилларда Мўғулистондан 100 минг бош майда шохли мол (қўй ва эчкилар) Ўзбекистонга олиб кирилиб, наслчилик ишлари орқали уларнинг сони 2029 йилгача 1 миллион бошга етказилади. Давлат бу жараённи молиявий қўллаб-қувватлайди — жумладан, ҳаво транспорти харажатларининг 50 фоизи бюджет ҳисобидан қопланади.

Тадбиркорларга имтиёзлар: ҚҚСни кечиктириб тўлаш ва арзон кредитлар

Мўғулистондан чорва олиб кирувчи тадбиркорлар учун қўшилган қиймат солиғини кечиктириб тўлаш имконияти, шунингдек, йиллик 10% ставкада (2 йиллик имтиёзли давр билан) кредитлар ажратиш кўзда тутилган.

Жун ва кашемирни қайта ишлаш йўлга қўйилади

Мўғулистондан олиб келинаётган қўй жунини қайта ишлаш, аралаш ип ва мато ишлаб чиқариш режалаштирилмоқда. Бунинг учун маҳаллий мутахассислар Мўғулистонда малака оширади ва қайта ишлаш заводлари ташкил этилади.

Ўзбекистон маҳсулотлари Мўғулистонда фаол тарғиб қилинади

Мўғулистон бозорида ўзбек маҳсулотлари ҳажмини 10 баробарга ошириш режалаштирилган. Улан-Батор ва бошқа шаҳарлардаги савдо марказларида “Ўзбекистон маҳсулотлари” стендлари ва ярмаркалари ташкил этилади. Шунингдек, Ўзбекистон–Мўғулистон савдо уйи очилади.

Илмий ҳамкорлик ва кадрлар тайёрлаш

Тошкент давлат аграр университети ва Мўғулистон Табиий фанлар университети ўртасида магистратура бўйича қўшма дастурлар жорий этилади. Мўғулистонда 15 гектарлик интенсив боғ барпо этилиб, 10 минг дона мевали кўчат етказилади.

Яйлов ерларини ижарага олиш имконияти

Мўғулистондан камида 1 минг бош майда шохли мол олиб келган тадбиркорларга республика йирик ёйлов хўжаликлари балансидаги ерлар селекция ва кўпайтириш шарти билан тўғридан-тўғри ижарага берилади.

Президент қарори ижроси устидан шахсий жавобгарлик Қишлоқ хўжалиги вазири, Ветеринария қўмитаси раиси ва бошқа масъул раҳбарларга юклатилган.