Гонконгга “Вифа” тўфони ёпирилди: 10-даражали хавф эълон қилинди

20 июль куни эрталаб Гонконгга “Вифа” номли тропик тўфон ёпирилди. Табиий офат туфайли шаҳар маъмурияти томонидан мактаблар вақтинча ёпилди, жамоат транспорти фаолияти чекланди, 500 га яқин авиарейс бекор қилинди ва 400 га яқин парвоз кечиктирилди. Бу ҳақда The Guardian ва маҳаллий обсерваториялар хабар берди.

Шаҳарнинг шарқий қирғоқларида катта тўлқинлар ва шамол шамдек ҳаракатланмоқда. Метеорологик маълумотларга кўра, шамолнинг ўртача тезлиги соатига 118 км, айрим пайтларда эса 150 км/соатгача етиб бормоқда.

Тўфон ҳозирда Гонконгдан тахминан 60 км жануби-шарқда жойлашган ва ғарб томон — Макао ва Чжухай шаҳарлари сари ҳаракатланмоқда. Тахминларга кўра, “Вифа” ҳафта охиригача Вьетнамга етиб боради.

Шунингдек, тўфон хавфи сабаб Хитойнинг Хайнан ва Гуандун провинцияларида ҳам огоҳлантириш эълон қилинди. Ушбу ҳудудлар тўфонга қарши тайёр ҳолатга келтирилди.

Айни пайтда шаҳарда фавқулодда ҳолат хизматлари юқори тайёрлик ҳолатида. Ҳукумат аҳолини уйда қолишга, имкони борича кўчага чиқмасликка ва расмий маълумотларни кузатиб боришга чақирмоқда.