Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги саноат омборхоналаридан бирида кечаси нохуш ҳолат юз берди. Узумбоғ кўчасида жойлашган омборхоналардан бирида сақланаётган кимёвий модда — перекис водород ҳавога сизиб чиққани қайд этилди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги хабарига кўра, кечаси соат 02:30 ларда ҳаводан кучли кимёвий ҳид келаётгани ҳақида хабар тушган. Зудлик билан ФВБнинг махсус бўлинмалари, жумладан, Радиацион, кимёвий ва тиббий-биологик ҳимоя гуруҳлари воқеа жойига етиб борган.
Бирламчи маълумотларга кўра, омборхонадаги махсус сиғимдан перекис водород моддаси очиқ ҳавога сизиб чиққан. Бу оқибатида ҳавода қуюқ туманга ўхшаш кимёвий хидли оқим ҳосил бўлган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видео ва суратларда катта ҳудудни қамраб олган оқ туман ва воқеа жойига ҳаракатланаётган бир нечта тез ёрдам машиналари кўринади.
ФВВ маълумотига кўра, ҳолат соат 04:00га келиб тўлиқ бартараф этилган. Ҳозирда вазият тўлиқ назоратга олинган, барча тегишли хизматлар ҳодиса жойида ҳамкорликда фаолият олиб бормоқда.
Жабрланганлар ҳақида расмий маълумот қайд этилмаган. Ҳолат юзасидан суриштирув ишлари давом этмоқда. Қўшимча маълумотлар расмий органлар томонидан текширув якунларидан сўнг эълон қилинади.