Ўзбекистон Олий суди жиноят ишлари бўйича тафтиш инстанциясида бир гуруҳ банк мансабдорларига оид ажрим иши кўриб чиқилди. Иш 2025 йил 16 июл санасида кўрилган.
Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.
Маълум бўлишича, судланувчи Б. А. Х банкнинг Шеробод филиали бош ҳисобчиси, Д.Д эса банк ҳисобчиси сифатида ишлаган, Қ.Б. эса кредит инспектори, Т.Ў банк бош юристи, С.Э ахборот технологиялари бўлим бошлиғи, З.О. пластик карта бўлими мутахассиси сифатида ишлаб келган.
Улар умумий жиноий мақсад йўлида уйдирма (фиктив) омонат ва кредит ҳисобларини очганлар. Омонатчилар сифатида аниқлаштирилмаган шахслар кўрсатилиб, ҳужжатлар сохталаштирилган. Шу асосда банк дастури — «iABS» орқали омонат ҳисоб рақамлари очилиб, мўлжал қилинган пул маблағлари расмийлаштирилган.
Жиноят гуруҳи маблағларни нақдлаштириш учун турли банклардан фойдаланган. Улар орқали банк карталарига пул ўтказилиб, сўнг банкоматлардан ечиб олинган. Жами 93 млрд сўмдан ошиқ маблағ ушбу схема асосида ўзлаштириб юборилган.
Суд жараёнида маълум бўлишича, ушбу пуллардан айримлари автомобил, уй-жой ва бошқа мол-мулклар сотиб олишга сарфланган.
Айрим мулклар учинчи шахслар номига расмийлаштирилган.
Суд тергов давомида аниқлаган зарарнинг умумий суммаси 10 миллиард сўмдан ортиқ эканлиги кўрсатилган.
Айбдорларга Жиноят ишлари бўйича Қашқадарё вилоят судининг 2020 йил 2 ноябрдаги ҳукмига кўра, 7,5 йилдан қамоқ жазоси берилган.
Б.А ва унинг отаси томонидан маълум миқдорда маблағ қайтарилган, шунингдек, айрим судланганлар томонидан ҳам пул ва мулк шаклида қоплаш ҳаракатлари амалга оширилган.
Бундан ташқари, фуқаролик даъвогар сифатида иштирок этган банк вакиллари келтирилган моддий зарар учун солидар жавобгарлик белгилашни сўрашган.
Суд ушбу талабни қаноатлантирган. Ҳар бир маҳкумдан келтирилган зарарни солидар тартибда ундириш юзасидан қарор қабул қилинган.
Якуний ҳукмга кўра, жами олти нафар судланувчига белгиланган жазо ўзгаришсиз қолдирилди.
Уларнинг раҳбарлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ лавозимларда ишлаш ҳуқуқи 2,5 йилгача чекланган.
Суд иши Олий суд порталидан олинди.