Россия чегара идоралари Тожикистон ва Ўзбекистон фуқароларининг қурилмаларида экстремизм ёки террорчилик белгилари бўлган каналларга обуна бўлиш ҳолатлари аниқланганда уларни мамлакатга киритишни рад этмоқда, деб ёзади “ТАСС”.
Ишлардан бирида кўрсатилишича, Тожикистон фуқароси Дилшод А.нинг телефони текширувдан ўтказилгач, унга Россияда фаолияти тақиқланган исломий радикал арбобларнинг ваъзлари билан материаллар жойлаштирилган YouTube каналларига обуна бўлгани аниқланиб, унга киришга рухсат берилмаган. Материалларда қайд этилишича, фойдаланувчи Россияга қарши мазмундаги видеоларни ҳам томоша қилган.
Яна бир ҳолатда, Ўзбекистон фуқароси Акмалжон Б. радикал қарашларга эга диний блогерларнинг контенти ва тақиқланган террорчилик ташкилотлари фаолияти билан боғлиқ видео материалларга қизиқиши сабабли Россияга кириши тақиқланди. Чегара хизмати буни хавфсизликка потенциал таҳдид белгиси деб ҳисоблади.
Шунингдек, бир неча ҳолатда рад этишга Украина тарафдори бўлган каналларга обуна бўлиш, Украина махсус хизматлари ҳаракатлари ҳақидаги видеоёзувларни томоша қилиш ва Россия ҳуқуқ-тартибот идораларига нисбатан танқидий ёзишмалардаги хабарлар сабаб бўлган. Чегарани кесиб ўтишга уринган баъзи шахсларда назоратдан ўтишдан олдин ёзишмаларни ўчиришга уринишлар қайд этилган.