Экология вазирлиги тадбиркор Мурад Назаровнинг мораторий ўрнига компенсацион экиш ва “дарахтлар банки” таклифи бўйича баёнот берди.
Вазирлик 2024 йилда яшил ҳудудларни йўқ қилиш бўйича жавобгарлик кучайтирилганини, Президент дастурида дарахт кесишга чекланмаган мораторий белгилангани таъкидланди. 2023 йилдаги Фармонга кўра, қурилиш ҳудудининг камида 25% кўкаламзор бўлмаса, объект фойдаланишга қабул қилинмайди.
2025 йил “Атроф-муҳитни асраш ва яшил иқтисодиёт йили” деб эълон қилинган бир пайтда мораторияни қайта кўриб чиқиш таклифи афсус билан қарши олинмоқда.
«Ўз чиқишида жаноб Назаров ҳар қандай йўл билан дарахт кесиш бўйича турли «усуллар» қўлланилаётганини тилга олди. Шу муносабат билан, Вазирлик унинг дарахт кесишда қўллаётган ёндашувларини атрофлича текшириш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тўлиқ тафтиш ўтказилиши зарур, деб ҳисоблайди. Ушбу ўрганиш натижалари унинг олдинги фаолияти юзасидан тегишли хулосалар чиқариш имконини беради, деб умид қиламиз», —дейилади вазирлик баёнотида.