Тошкент темирйўл вокзалига автомобилда кириб-чиқиш шароити яратилди

Йўлакнинг кириш ва чиқиш қисмларида назорат шлагбаумлари ва видео кузатув камералари ҳамда йўл белгилари ўрнатилиб, йўловчиларнинг кириб-чиқиш хавфсизлиги тўлиқ таъминланди.

“Тошкент-марказий” темир йўл вокзалидан бир кунда 5 минг нафаргача йўловчи фойдаланади. Шуни ҳисобга олиб вокзал ҳудудида автомобилларнинг вокзалнинг кириш қисмига қадар кириб-чиқиши йўлга қўйилди

Шунингдек, вокзал атрофидаги темир панжарали тўсиқлар ҳам олиб ташланди. Вокзалга кириш ҳудуди ободонлаштирилиб, автомобиллар учун йўлаклар қилинди. Сифатли асфальт ётқизилди, йўловчи ва фуқаролар учун йўлаклар тайёрланди. Айни пайтда янги қурилган вокзал олди йўлаги синов тариқасида ишга туширилди. Шунингдек, йўлакнинг кириш ва чиқиш қисмларида назорат шлагбаумлари ва видео кузатув камералари ҳамда йўл белгилари ўрнатилиб, йўловчиларнинг кириб-чиқиш хавфсизлиги тўлиқ таъминланди.

Эндиликда вокзалга ташриф буюрувчи йўловчилар шахсий автомашиналари, таксилар ҳамда туристларга хизмат кўрсатаётган турли транспорт воситалари вокзалнинг кириш эшигига қадар автомобилларда келиб, юк ва йўловчиларини тушириб, чиқиб кетишлари мумкин. Бунда автомобиль вокзал олди йўлагига келиб тўхтайди, юк ва йўловчиларини туширади ёки қабул қилиб олади. 

Агарда ушбу жараён (авомобиль келиб тўхтагандан юриб кетгунга қадар) 5 дақиқани ташкиш этса – бепул, 5 дақиқадан 10 дақиқагача бўлган вақт оралиғида белгиланган тўлов асосида, 10 дақиқадан ошиб кетган тақдирда “Йўл ҳаракати қоидалари”нинг тегишли бандларига мувофиқ, жарима қўлланилишига сабаб бўлади. Жарималар инсон омили иштирокисиз қоидабузарликларни аниқловчи махсус камералар орқали расмийлаштирилади.

Айни пайтда республиканинг барча темирйўл вокзалларига йўловчи ва фуқаролар кириб-чиқишини янада қулайлаштириш учун барча вокзалларда ўрнатилган панжарали тўсиқлар олиб ташланди. 

Вокзаллар ҳудудига кириш ва чиқишлар босқичма-босқич тарзда “Тошкент-марказий” темир йўл вокзалидек бўлиши режалаштирилиб, йўл харитаси ишлаб чиқилди.