Тошкент ҳавоси ифлос шаҳарлар рейтингида 15-ўринни эгаллади

Швейцариянинг IQAir компанияси томонидан реал вақтда эълон қилиб бориладиган ҳаво сифати рейтингида Тошкент шаҳри 15-ўриндан жой олди.

Портал маълумотларига кўра, ҳозирда пойтахт ҳавосида инсон саломатлиги учун хавфли бўлган майда заррачалар – PM2.5 дисперс заррачаларининг концентрацияси 29 микрограмм/метр куб (µg/m³) ни ташкил этмоқда. Бу Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) томонидан тавсия этилган меъёрдан анча юқори.

PM2.5 заррачалари жуда майда бўлиб, инсон нафас олиш тизими орқали ўпкага кириб бориши ва турли хасталикларни келтириб чиқариши мумкин. Шу боис бундай кўрсаткичлар аҳоли саломатлигига жиддий таҳдид солади.

IQAir порталида ҳаво сифати доимий равишда янгиланиб борилади ва фойдаланувчиларга ниқоб тақиш, ҳаво ифлосланган пайтларда очиқ ҳавода узоқ вақт қолмаслик каби тавсиялар бериб борилади.