Ҳиндистон талабаларни Ўзбекистондаги тиббиёт университетида ўқимасликка чақирди

Жорий йилнинг 21 июль куни Ҳиндистон Миллий тиббиёт кенгаши (НМC) тиббиёт соҳасида ўқишни хоҳловчи абитуриентларга Белиздаги учта ва Ўзбекистондаги битта тиббиёт университетида таҳсил олмасликни тавсия қилди. НМC баёнотига кўра, ушбу маслаҳатга амал қилмаслик Ҳиндистонда тиббий рўйхатдан ўтиш ҳуқуқининг чекланишига олиб келади.

НМCнинг огоҳлантириши қуйида номи келтирилган тўртта тиббиёт муассасаларига тегишли:

  • Central American Health and Sciences University, Beliz
  • Columbus Central University, Beliz
  • Washington University of Health and Sciences, Beliz
  • Тошкент давлат тиббиёт университети Чирчиқ филиали

Мазкур огоҳлантириш Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва Ташқи ишлар вазирлигининг Евроосиё бўлими томонидан ушбу муассасалар Ҳиндистон тиббиёт таълими стандартларига жавоб бермаслиги ҳақида билдирилган жиддий хавотирлардан сўнг эълон қилинди.

“Талабгор талабалар ва уларнинг ота-оналари хорижий тиббиёт муассасаларига қабул қилинмасдан аввал НМCънинг 2025 йил 19 майдаги веб-сайтида эълон қилинган маслаҳатномасини диққат билан ўқиб чиқишлари тавсия қилинади. Ушбу маслаҳатномада тан олинган муассасалар, қабул талаблари ва бошқа муҳим кўрсатмалар ҳақида муҳим маълумотлар келтирилган”, — дейилади Тиббий бакалавриат таълими кенгаши директори Сух Лал Меена томонидан берилган огоҳлантиришда.

Маълумот учун, НМC аввалроқ 2023 йил 8 август ва 2024 йил 22 ноябрда ҳам шунга ўхшаш жамоатчилик огоҳлантиришларини эълон қилган. Бунга қадар эса Ҳиндистоннинг Мексикадаги элчихонаси ва ТИВ Евроосиё бўлими яқинда ушбу муассасалар бўйича жиддий хавотирларни билдиришган. Улар бир қатор тиббиёт муассасалари Ҳиндистон тиббиёт таълими стандартларига мос келмаслиги, инфратузилманинг етарли эмаслиги ёки нотўғри ишлаётгани, таълим ва клиник тайёргарлик сифати пастлиги, ҳинд талабаларига нисбатан таъқиб ҳолатлари ва ўқишдан чиқишда тўловларни қайтармаслик, шунингдек, ортиқча ҳақ олиш каби ҳолатлар мавжудлигини таъкидлашган.