Болаларга нисбатан зўравонлик қилганларга жазо кучайтирилади — Жиноят кодексига ўзгартишлар киритилади

Ўзбекистонда болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасида кескин чоралар кўрилади. Жиноят ва Жиноят-процессуал кодексларига тегишли ўзгартишлар киритилиши таклиф қилинмоқда. Бу ҳақда Президент Администрацияси раҳбари ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева ўз ижтимоий саҳифасида маълум қилди.

Мақсад — педофиллар ва зўравонларга нисбатан енгиллаштирувчи ҳолатларсиз, энг оғир жазо чораларини қўллашни таъминлаш.

“Мен зўравонликни тасодиф деб ҳисобламайман. Бу — ҳар доим катталарнинг онгли танловидир. Демак, бунинг муқобили сифатида бошқа бир танлов ҳам бўлиши шарт: уни тўхтатиш танлови. Муаммога кўз юммаслик танлови,” — деб таъкидлади Шаҳноза Мирзиёева.

Ҳозирда Ички ишлар, Соғлиқни сақлаш, Мактабгача ва мактаб таълими вазирликлари вакилларидан иборат идоралараро ишчи гуруҳ фаолият бошлади. Гуруҳ қуйидаги ўзгаришлар устида иш олиб бормоқда:

  • Болаларга зиён етказган шахслар учун жазони кучайтириш
  • Шафқатсизликка йўл қўйган шахслар учун болалар билан ишлаш ҳуқуқини умрбод тақиқлаш
  • Жавобгарликни тез ва самарали таъминлаш учун ягона тезкор протоколлар жорий этиш

Шу билан бирга, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳам сўнгги ойларда болаларга нисбатан зўравонликнинг олдини олишга қаратилган изчил ишларни олиб бормоқда.

“Бола ҳимоя қилишга ‘улғайиб етиши’ мумкин эмас. Ҳимоя унинг ҳаққи сифатида илк нафасидан бошлаб кафолатланиши шарт”, — дея таъкидлади Мирзиёева.