Қайд этилишича, боладаги мавжуд касалликлар сурункали тусга эга бўлиб, уларнинг ҳеч бири жиноят ҳодисаси оқибатида юзага келмаган.
Тошкент вилояти Ангрен шаҳрида жиноятдан жабрланган вояга етмаган қизнинг ҳуқуқлари таъминланиши ҳолати жойига чиққан равишда ўрганилмоқда, дея хабар берди Болалар омбудсмани Сурайё Раҳмонова идораси.
Дастлаб омбудсман Ангрен шаҳар Болалар шифохонасига бориб, у ерда даволанаётган боланинг умумий ҳолати ва даволаш жараёни билан танишди. Тиббий ҳужжатлар асосида боладаги касалликлар – ўткир артрит, икки томонлама бронхопневмония, оқсил-энергетик етишмовчилик, оғир анемия ва сепсисга қарши зарур чоралар кўрилаётгани маълум қилинди.
Омбудсман С.Й. билан шахсан суҳбатлашиб, унинг фикр ва ҳис-туйғуларини тинглади. Шифокорлар қайд этишича, боладаги касалликлар хроник характерга эга бўлиб, улар жиноят оқибатида юзага келмаган.
Аввал хабар қилинганидек, С.Й.га нисбатан содир этилган жиноят юзасидан 2025 йил 9 апрель куни жиноят иши қўзғатилган бўлиб, ҳозирда дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Болалар омбудсмани ўз ваколати доирасида тергов жараёнини кузатиб бормоқда. Жумладан, тергов ҳаракатлари чоғида боланинг ортиқча стресс ва руҳий жароҳат олмаслиги, профессионал педагог ва психолог иштирокини таъминлаш зарурлиги таъкидланди.
Шунингдек, «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази масъуллари билан учрашув бўлиб ўтди. Унда болага ва унинг оиласига кўрсатилаётган ижтимоий ва психологик ёрдам бўйича олиб борилаётган ишлар муҳокама қилинди. Маълум қилинишича, марказ томонидан бола ва оиласи билан тизимли реабилитация ишлари олиб борилмоқда.
Мутасадди органлар ишни назоратга олган бўлиб, фуқаролардан фақат расмий манбаларга таяниш сўралмоқда. Ҳақиқатга зид ва асоссиз маълумотларни тарқатиш бола манфаатларига зарар етказиши мумкинлиги алоҳида қайд этилган.