Тошкент вилоятининг Бекобод туманида бугунги кунда фуқаролар манфаати устуворликка чиқди. Туманга янги раҳбар тайинланиши билан маҳаллий бошқарув тизимида халққа яқинлик, самарадорлик ва амалий натижага йўналтирилган ёндашув шакллана бошлади.

Туман ҳокими Зайнобиддин Низомиддинов иш бошлаган илк кунларданоқ мутасаддилар олдига аниқ талаб қўйди: мурожаат билан овора бўлиб юқори ташкилотларга боришнинг ўрнига, раҳбарлар ўзи халқ орасига кириб бориши шарт. “Сиз келманг, биз борамиз” тамойили асосида ҳар бир фуқаронинг муаммосини маҳаллада ҳал қилиш вазифаси белгиланди.

Айни вақтда Бекободда бир қатор ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Хусусан, электр тармоқларидаги сим устунлар замонавий бетон устунларга алмаштирилмоқда, қабристонлар ва зиёратгоҳлар тартибга келтирилмоқда, йўллар, кўприклар, канализация ва ичимлик суви тизимлари янгиланмоқда. Маҳаллаларда арзонлаштирилган маҳсулотлар ярмаркалари ўтказилиб, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотга алоҳида эътибор қаратилаяпти.


Аҳолини бандликка жалб этиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва ҳар бир хонадон имкониятини ўрганиш асосий йўналиш сифатида белгиланган. Ёлғиз кексалар, ногиронлар ва эҳтиёжмандлар холидан хабар олиниб, улар учун манзилли чора-тадбирлар белгиланмоқда. Ҳар бир маҳаллада муаммолар база тарзида шакллантирилиб, ечимлар босқичма-босқич амалга оширилмоқда.

Туманнинг маънавий ҳаётида ҳам фаоллик кузатилмоқда — бир неча йиллардан буён чоп этилмай келаётган “Янги Бекобод” газетаси қайта нашр этила бошлади. Мактабларда “Ҳар мактабга 100 китоб” лойиҳаси доирасида минглаб китоблар тарқатилди, ёзувчи ва ижодкорлар иштирокида адабий тадбирлар ташкил этилди.



Президент қарори асосида Бекобод туманида ижтимоий ва иқтисодий ривожланишни кучайтиришга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар режалаштирилгани эса бу ўзгаришлар янада кенгайишига пойдевор бўлмоқда. Туман раҳбарияти халқ билан очиқ мулоқот ва ҳамкорликка таянадиган бошқарувни устувор вазифа сифатида белгилаган.
Туман ҳокими бундай ислоҳотларда шахсан ўзи биринчи қадамни ташлаётгани, масалаларни жойида ўрганиб, ҳал этишда бевосита иштирок этаётгани эса қуйи тизимдаги раҳбарлар ва мутасаддилар учун улкан намуна бўлади. Бу ёндашув маҳаллий бошқарувда масъулиятни, фуқарога хизмат қилиш маданиятини шакллантириб, тизимли ўзгаришлар учун мустаҳкам замин яратади. Чунки ҳақиқий ислоҳот — қоғозда эмас, халқ орасида, ҳақиқий муаммо бартараф этилган жойда бошланади.
Ogoh.uz мухбири