Яккасарой туманида 15 ёшли қиз 9 қаватли уйнинг балконига чиқиб, ўзини ташламоқчи бўлган. Ҳуқуқ-тартибот ходимларининг тезкор ҳаракатлари туфайли фожиа юз бермади, дея хабар қилмоқда шаҳар ИИББ матбуот хизмати.
Воқеа ҳақида сигнал соат 06:40 атрофида келиб тушган. Маҳаллий аҳоли вакили томга чиққан қизни кўриб, зудлик билан ИИОга мурожаат қилган. Ҳодиса жойига етиб келган ходимлардан бири пастда қолиб, иккинчиси қўшни хонадонларнинг балконлари орқали юқорига кўтарилган.
Инспекторнинг сўзларига кўра, қиз кучли стресс ҳолатида бўлиб, ярим соат давомида суҳбатга кўнмаган. У тахминан 15 дақиқа давомида қаршилик ва тажовузга қарамай, қизни ушлаб турган. Кейин унга ҳамкасби ёрдамга келган, ёнида арқон бўлмагани сабаб белбоғидан фойдаланишга тўғри келган.
Қутқарувга Фавқулодда вазиятлар хизмати ходимлари ҳам етиб келган. Арқон ёрдамида қиз хавфсиз тарзда томдан туширилган ва шифокор ҳамда психологларга топширилган.
«Қизнинг онаси қутқарувчиларга қизини асраб қолганлари учун миннатдорлик билдирди», – дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қаршида ҳам шунга ўхшаш ҳолат бўлган эди — профилактика инспектори ўз жонига қасд қилмоқчи бўлган эркакни қутқариб қолган, жасорати учун унга телевизор совға қилинганди.