Дефицит қисқарди, газ ва олтин сотиш кўпайди – Ўзбекистон ташқи савдоси шарҳи

2025 йил январь июнь ойларида Ўзбекистоннинг ташқи савдо айланмаси 37 млрд долларни ташкил этди. Бу 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 5 млрд 123 млн долларга ёки 16,1 фоизга кўп.

Бунда экспорт ҳажми 16,88 млрд доллар (+29,1 фоиз), импорт ҳажми эса 20,13 млрд доллар (+7 фоиз) бўлган. Ташқи савдо салбий сальдоси эса 3 млрд 246 млн долларгача қисқарган.

Ҳисобот даврида ташқи савдо айланмасининг салмоқли қисми Хитой (17,7 фоиз), Россия (16,3) Қозоғистон (6 фоиз), Туркия (3,6 фоиз) ва Жанубий Корея (2,3 фоиз) билан қайд этилган.

Дастлабки 6 ойликда йирик ҳамкор давлатлардан Туркия, Жанубий Корея, АҚШ, Туркманистон, Италия ва Литва билан савдо айланмаси миқдори қисқарган. Хитой, Афғонистон, Франция, Германия, Ҳиндистон, БАА каби давлатлар билан эса умумий савдо ҳажми сезиларли миқдорда ошган.

Экспорт

Ҳисобот даврида 6 млрд 492 млн долларлик (+54,8 фоиз) олтин сотилган. Бу умумий экспортнинг 38,4 фоизини ташкил этади. Шунингдек, экспорт таркибида саноат товарлари (10,9 фоиз), озиқ-овқат маҳсулотлари ва тирик ҳайвонлар (7,2 фоиз), кимёвий воситалар (5,8 фоиз), минерал ёқилғилар (4,3 фоиз) ва турли хил тайёр буюмлар (4,1 фоиз) ҳам сезиларли улушга эга бўлган.

Ташқи савдо айланмасида товарлар ва хизматлар экспорти бўйича асосий ҳамкорлар Россия (12,1 фоиз), ХХР (5,4 фоиз), Қозоғистон (4 фоиз), Афғонистон (3,6 фоиз), Туркия (3 фоиз), Франция (2,9 фоиз), БАА (1,8 фоиз), Қирғиз Республикаси (1,6 фоиз) Тожикистон (1,4 фоиз) ва Покистон (1,1 фоиз) каби давлатлар бўлган. Уларнинг умумий экспортдаги улуши 36,8 фоизни ташкил этади.

Январь июнь ойларида 355 млн долларлик газ сотилган бўлиб, бу ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 50,5 фоизга кўп. Бундан ташқари, 277 млн долларлик нефть ва нефть маҳсулотлари (-1,9 фоиз), 100 млн долларлик электр токи (+52,5 фоиз) экспорти ҳам амалга оширилган.

Ҳисобот даврида қарийб 136 млн долларлик автомобиль ва унинг эҳтиёт қисмлари сотилган. Бу 2024 йилга нисбатан 18,9 фоизга кам.

Импорт

Импорт таркибида энг катта улуш машиналар ва транспорт асбоб-ускуналари (32,9 фоиз), саноат товарлари (16 фоиз) ҳамда кимёвий воситалар ва шунга ўхшаш маҳсулотлар (12,9 фоиз) ҳисобига тўғри келган. Умумий импортнинг 2/3 қисми 7 та давлатдан амалга оширилган:

  • Хитой – 28,1 фоиз;
  • Россия – 19,8 фоиз;
  • Қозоғистон – 7,6 фоиз;
  • Жанубий Корея – 4,1 фоиз;
  • Туркия – 4,1 фоиз;
  • Германия – 2,9 фоиз;
  • Ҳиндистон – 2,7 фоиз.

Газ импорти ярим йилликни ҳисобга олганда қисқарган. Ҳисобот даврида 572 млн долларлик газ сотиб олинган, бу ўтган йилги кўрсаткичнинг 70 фоизини ташкил этади. Аммо биргина июнь ойида 286 млн долларлик газ импорт қилинган. Бу январь май ойларидаги умумий кўрсаткичдан ҳам кўпроқ.Шунингдек, автомобиль олиб кириш ҳам сезиларли даражада қисқариб кетган. Жумладан, январь июнь ойлари давомида 1 млрд 522 млн долларлик (-8,5 фоиз) машина импорт қилинган. Ўз навбатида, автомобиллар қисмлари ва анжомлари импорти 34 фоизга ошиб, 802 млн долларга етган.