Президент Шавкат Мирзиёев маданият ва санъат соҳасида бошқарувни такомиллаштириш, ҳунармандчиликни ривожлантириш бўйича таклифлар тақдимоти билан танишди.

Қайд қилинишича, маданият соҳасида бошқарув ва молиялаштиришни такомиллаштириш, бу борада илғор хорижий тажрибани жорий этиш кўзда тутилмоқда. Хусусан, маданият марказларида давлат-хусусий шериклик йўлга қўйилиб, ижодий ишланмаларни рағбатлантирувчи стартап лойиҳалар амалга оширилади. Ёшларда ватанпарварлик ҳиссини кучайтирувчи, Ўзбекистон брендини яратувчи тарихий, илмий ва анимацион миллий маҳсулотлар қўллаб-қувватланади.
Давлат раҳбари соҳада илғор хорижий тажрибани босқичма-босқич жорий этиш бўйича кўрсатма берди.
Таъкидланишича, Ботир Зокиров мемориал музейини ташкил этиш, Ботир Зокиров номидаги стипендия жорий қилиш, халқаро эстрада танловини ўтказиш режалаштирилган. Институтнинг бакалавриат босқичини тамомлаган энг фаол битирувчилар чет элга магистратурада ўқишга юборилади ҳамда иқтидорли талабаларнинг нуфузли халқаро танловларда иштироки қўллаб-қувватланади.
Андижон шаҳридаги санъат мактаби негизида Шерали Жўраев номидаги мусиқа ва санъат олий мактаби ташкил этилади. Шерали Жўраев номидаги миллий қўшиқчилик телетанлови ҳар йили ўтказилади.

Олий мактабда илмий-ижодий лаборатория тузилиб, Шерали Жўраев қўшиқларининг «олтин фонди» яратилади. Замонавий овоз ёзиш ва тасвирга олиш студияси ташкил этилиб, иқтидорли ёш ижодкорлар ундан имтиёзли фойдаланиши мумкин бўлади.
Ҳудудларда симфоник оркестрларни босқичма-босқич ташкил қилиш режалаштирилган. Жумладан, Фарғона вилоятида симфоник оркестр ва миллий чолғулар оркестри тузилади. Улар зарур мусиқа асбоблари, овоз кучайтириш ва ёритиш ускуналари, саҳна либослари ва бошқа анжомлар билан таъминланади.
Давлат раҳбари миллий ва жаҳон санъатининг сара асарларини аҳолига чуқур етказиш, туман ва шаҳарларга гастрол сафарлари уюштириш зарурлигини таъкидлади.
Келгуси 5 йилда креатив иқтисодиёт ҳажмини 2 карра кўпайтириш, ялпи ички маҳсулотдаги улушини 5 фоизга етказиш мақсад қилинган.

Тақдимотда ҳунармандчиликни янада ривожлантиришга қаратилган таклифлар кўриб чиқилди. Жумладан, Буюк Британия Қироллик фонди билан ҳамкорликда Тошкент шаҳрида академик платформа яратиш режалаштирилган. У орқали магистрлар тайёрлаш, тадқиқотлар ўтказиш, ўқув қўлланмаларини жорий этиш йўлга қўйилади. Бу платформа билан 3 мингдан зиёд иқтидорли ҳунармандлар босқичма-босқич қамраб олинади. Кейинчалик уни амалий санъат мактабига айлантириш кўзда тутилган.
Сентябр-ноябр ойларида Бухорода биринчи замонавий санъат биенналеси ўтказилади. Унга 40 та давлатдан 70 нафар машҳур рассом келади.
Давлат раҳбари маданий туризмни ривожлантиришга катта туртки берадиган бундай йирик тадбирларни юқори савияда ташкил қилиш муҳимлигини таъкидлади.
Нукусдаги «Истиқлол» боғини креатив кластерга айлантириб, унда ҳунармандлар ва дизайнерларга анъанавий билим ва инновацион ғояларни бирлаштирган ҳолда таълим берадиган Орол мактабини ташкил қилиш режа қилинган.
Мутасаддиларга лойиҳаларни сифатли бажариш ва тадбирларни юқори савияда ўтказиш бўйича кўрсатмалар берилди.