2025 йил 28 июль куни Истанбулдан Тошкентга йўл олган Uzbekistan Airways авиакомпаниясининг HY272 рейсида техник носозлик кузатилиб, ҳаво кемаси хавфсизликни таъминлаш мақсадида Истанбул аэропортига қайтарилди. Бу ҳақда авиакомпания расмий хабар берди.
Маълумотларга кўра, самолёт ҳавога кўтарилгандан тахминан бир соат ўтиб, сигнализация тизими салон ва кабинадаги босимнинг беқарорлиги ҳақида огоҳлантирган. Шу сабабли, парвоз командири хавфсизликни таъминлаш учун борди-келди аэропортига — Истанбулга қайтиш тўғрисида қарор қабул қилган.
Самолёт маҳаллий вақт билан 15:50 да Истанбул аэропортига муваффақиятли қўнган. Uzbekistan Airways техник хизматлари ҳаво кемасини Тошкентдаги базага қайтариш бўйича зарур чораларни кўрмоқда.
Авиакомпания маълумотига кўра, ушбу рейс йўловчилари захира самолёт орқали 29 июль куни маҳаллий вақт билан 07:30 да Истанбулдан учиб, соат 13:35 да Тошкентга етиб келишади. Кутиш даврида йўловчилар махсус меҳмонхонага жойлаштирилган.
Uzbekistan Airways ҳодиса бўйича барча керакли чоралар кўрилганини ва йўловчилар хавфсизлиги компаниянинг устувор йўналиши эканини таъкидлади.