Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) Наманган, Қашқадарё вилоятлари ва Тошкент шаҳрида коррупция билан боғлиқ бир нечта ҳибслар ҳақида маълум қилди.
Наманганда Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат инспекциясининг етакчи мутахассиси 10 минг АҚШ доллари олаётганида ушланди. Тергов маълумотларига кўра, у суд тизимидаги танишлари орқали саккиз йилга ҳукм қилинган шахсга нисбатан жазонинг енгиллаштирилишини ваъда қилган. Аниқланишича, амалдор аввал ҳам фирибгарлик учун жавобгарликка тортилган.
Худди шу ҳудудда яна бир операция давомида мол-мулкни баҳолаш билан шуғулланувчи компания директори 4400 доллар олаётганида қўлга олинди.
“У ушбу маблағ эвазига солиқ органлари ёрдами билан тадбиркорнинг 783 миллион сўмлик қарзини 141 миллион сўмгача камайтиришни ваъда қилган. Орадан кўп ўтмай, худди шу миқдорда пора олган вилоят солиқ бошқармаси бўлим бошлиғи ҳам ҳибсга олинди”, — дейилади хабарда.
Тошкентда эса Миробод тумани Ижтимоий мослашув маркази раҳбари 1200 доллар олаётганида ушланган. У пул эвазига фуқаролиги йўқ шахс учун паспорт ва доимий прописка расмийлаштиришни ваъда қилган.
“Қашқадарёда эса Қарши шаҳар Мажбурий ижро бюроси давлат ижрочиси қарздор автомобилидан арестни олиб ташлаш учун 1000 доллар талаб қилган. У воситачи — фермер хўжалиги раҳбари орқали пул олаётганида қўлга олинди”, — дея қўшимча қилди ДХХ.
Барча ҳолатлар юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.