Ўзбекистон Қуролли Кучлар академияси ислоҳ қилиниб, унинг негизида Ўзбекистон Республикаси ҳарбий хавфсизлик ва мудофаа университети ташкил этилиши режалаштирилмоқда.
Янги университет Мудофаа вазирлиги таркибидаги барча ҳарбий таълим муассасаларини — жумладан, 5 та ҳарбий институт, Сержантлар тайёрлаш олий мактаби, ҳамда Авиация ва учувчисиз учиш аппаратлари мутахассисларини тайёрлаш марказини ўз таркибига бирлаштиради. Бу марказлашган вертикал тизим қўшинларнинг жанговар салоҳиятини ошириш, дуал таълимни кенгайтириш ва илмий тадқиқотларни амалиётга татбиқ этишда муҳим аҳамият касб этади.
Янги тизимда “2+2” усули ҳам жорий этилади. Унга кўра, психолог, алоқачи, таъминотчи, омборчи каби 18 турдаги йўналишлар учун мутахассислар олий таълим муассасаларининг иккинчи босқич талабалари орасидан саралаб олинади.
Шунингдек, иқтидорли курсантларни қўллаб-қувватлаш мақсадида, янги ўқув йилидан бошлаб “Олий Бош Қўмондон” номли давлат стипендияси жорий этилади. Ушбу стипендия эгаси бакалаврликни тамомлагандан сўнг, 5 йил давомида ҳарбий магистратурага имтиҳонсиз қабул қилиниши мумкин.
Энг муҳими, ҳарбий олийгоҳ битирувчилари энди иккита диплом — фуқаролик ва ҳарбий мутахассислик бўйича диплом оладилар.