Президент Шавкат Мирзиёев раислигида мева-сабзавот ва озиқ-овқат маҳсулотлари экспортини кўпайтириш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.
Йиғилишда таъкидланишича, экспортдаги энг катта захиралардан бири — дуккакли экинлар (ловия, мош, тариқ, нўхат) ҳисобланади. Ҳар йили ушбу маҳсулотлардан 450 миллион долларлик экспорт амалга оширилмоқда. Аммо ҳосилнинг 30 фоизи ишчи кучи етишмаслиги ва пахта билан бир вақтда етиладигани сабабли исроф бўлмоқда. Президент бирорта ҳоким бу масала бўйича аниқ ҳисоб-китоб қилмаганини кескин танқид қилди.
Шу муносабат билан Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан махсус техникалар олиш учун 15 фоизгача субсидия, кредит ставкасининг 10 фоиздан ошган қисмини қоплаш, ва йил охиригача 200 та махсус комбайн олиб келиш топширилди.
Шунингдек, экспортчилар республика ичида маҳсулот ташишда ортиқча харажат қилишаётгани қайд этилди. Амалдаги тартиб бўйича, маҳсулот қайси чегара постидан кирса, экспорт ҳам ўша пост орқали амалга оширилиши талаб қилинади.
Президент Божхона қўмитасига қайта ишланган маҳсулотни исталган постдан экспорт қилиш имконини яратиш бўйича тизим ишлаб чиқишни топширди.