Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеолардан сўнг, Андижон вилояти Булоқбоши тумани Ширмонбулоқ қишлоғи ҳудудида Жанубий Фарғона каналида ҳосил бўлган кўпиклар масаласи юзасидан текширув ўтказилди, деб ёзмоқда Экология вазирлиги.
Андижон вилояти Экология бошқармаси, вилоят ҳокимлиги ва бошқа мутасадди идоралар томонидан олиб борилган ўрганишлар натижасида, 26-июл куни соат 9:00 атрофида кузатилган кўпикларнинг манбаси аниқланган.
Маълум бўлишича, Хўжаобод туманидаги “Солпи” МФЙ ҳудудида жойлашган “Н.Г.” МЧЖ мато бўяш цехидан чиқаётган оқова сув тозалаш иншооти тўлиқ ишламагани сабабли қисман тозаланмаган ҳолда Жанубий Фарғона каналига ташланган.
Мутасаддилар сувдан олинган намуналарни лабораторияда таҳлил қилиб, табиатга етказилган зарар миқдорини аниқлаш устида иш олиб бормоқда. Ҳолат юзасидан тўпланган ҳужжатлар суд органларига тақдим этилиши кутилмоқда.