2025 йилнинг олти ойи давомида Ўзбекистонда самолёт парвозлари вақтида 5 та йўловчи вафоти қайд этилди. Бу ҳақда «Uzbekistan Airports» матбуот хизмати маълум қилди.
Таъкидланишича, барча ўлим ҳолатлари манзилга етиб боргунга қадар, яъни самолёт бортида юз берган. 2024 йилда эса 14 та ўлим ҳолати қайд этилган бўлиб, улардан 11 таси парвоз вақтида, 3 таси эса Тошкент халқаро аэропортининг учиб келиш залида содир бўлган.
“Нохуш ҳолатларнинг аксарияти парвоз вақтида рўй беради, шу боис йўловчилар юзага келиши мумкин бўлган хавфларни олдиндан билишлари ва ҳаво қатновига қарши тиббий кўрсатмаларни инобатга олишлари зарур”, — деди “Uzbekistan Airports” тиббий хизматни ривожлантириш бўлими бошлиғи Севара Салихова.
Маълум қилинишича, 2024 йилда Ўзбекистон аэропортларида соғлиғи туфайли 46 нафар йўловчи парвозга қўйилмаган бўлса, 2025 йилнинг олти ойи ичида бу кўрсаткич 61 нафарга етган.
Учишга қарши асосий тиббий кўрсатмалар:
- Яқинда ўтказилган жарроҳлик амалиётлари;
- Юрак хуружи, беқарор стенокардия каби ўткир юрак-қон томир касалликлари;
- Инсульт ва бошқа неврологик ҳолатлар;
- Пневмония, оғир бронхиал астма, пневмоторакс;
- Тромбоемболия, қон кетиши, оғир анемия;
- Қулоқ, бурун ёки кўздаги баротравмалар;
- Ҳомиладорликнинг сўнгги босқичлари, айниқса асоратли ҳолатлар.
Шунингдек, айрим авиакомпаниялар шифокор маълумотномасини талаб қилиши мумкин — хусусан, беқарор ташхис, кислородга муҳтожлик ёки тиббий кузатув зарур бўлганда.
Парвоз олдидан йўловчиларга тавсиялар:
- Авиакомпаниянинг расмий қоидалари билан танишинг;
- Касаллик бўйича шифокор маслаҳатини олинг;
- Зарур ҳолда олдиндан тиббий маълумотнома тайёрланг.