World Boxing учун мустақил антидопинг дастурини амалга оширадиган Халқаро тестлаш агентлиги (ITA) хабар беришича, ўзбекистонлик боксчи Лазизбек Муллажоновнинг допинг намунасидан метастерон моддасининг метаболитлари — яъни тақиқланган анаболик модда топилган.
ITA маълумотига кўра, мазкур намуна жорий йил 11 июнь куни спортчидан мусобақадан ташқари ҳолатда олинган.
Метастерон WADAнинг тақиқланган моддалар рўйхатига киритилган бўлиб, у мусобақа пайтида ҳам, мусобақадан ташқари пайтда ҳам қўлланилиши ман этилади. У ноаниқ моддалар туркумига киради. Метастерон — бу сунъий анаболик стероид бўлиб, у мушак массасини тез ошириш, куч ва чидамлиликни оширишга ёрдам беради.
“Спортчи натижа ҳақида хабардор қилинган ва у Б намунаси таҳлилини талаб қилиш ҳуқуқига эга. Агар Б намунаси таҳлили сўралса ва A намунаси натижасини тасдиқласа, ушбу ҳолат допинг қоидаларининг бузилиши деб ҳисобланади. Агар Б намунаси таҳлили сўралмаса, иш шу тарздаёқ тасдиқланган қоидалар бузилиши сифатида қаралади. Спортчи ушбу модданинг аниқланиши бўйича ўз изоҳларини тақдим этиш имкониятига эга”, — дейилади баёнотда.
Дунё антидопинг кодекси ва World Boxing’нинг антидопинг қоидалари 7.4.1-моддасига мувофиқ, боксчига нисбатан вақтинча дисквалификация жазоси қўлланилган.
Шунингдек, спортчи вақтинча дисквалификацияни бекор қилишни талаб қилиш ва унга қарши шикоят бериш ҳуқуқига эга.